“Ўзэкспомарказ”нинг 5-павильонида “Савицкий кундаликлари. "Қадимий ва навқирон” номли янги мультимедиа кўргазмаси ўз ишини бошлади.
Мазкур кўргазма Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан ташкил этилди.
Бу ерга ташриф буюрувчилар тарих ва маданият мультимедиа экранларида мусаввирлар томонидан яратилган асарлар орқали ХХ аср Марказий Осиё тасвирий санъати оламига шўнғийдилар.
Томошабинлар эътиборига Игор Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Давлат санъат музейи сара тўпламларига мансуб асарлар тақдим этилган. Бу музей коллекциясидаги дурдона асарлардан Тошкент шаҳридан чиқмасдан туриб баҳраманд бўлишдек ноёб имкониятдир.
Айтиш керакки, Нукус шаҳридаги ушбу афсонавий музей бугунги кунда бутун жаҳондаги санъат ихлосмандларининг эътибори ва қизиқишига, юксак эътирофига сазовор бўлган маскан саналади. Унинг ташкил этилиши, захира фондининг шаклланиши бир пайтлар диёримизга келиб қолган ва унга умрбод мафтун бўлган санъатшунос, фольклоршунос, рассом, реставратор, Нукусдаги ушбу музейнинг илк директори Игорь Савицкий номи билан узвий боғлиқдир.
Музей захирасининг шаклланиши ва кенгайишида унинг беминнат хизматлари беқиёсдир. Мазкур фонд кўплаб экспедициялар, машаққатли тадқиқотлар, изланишлар натижасида юзага келгани, ўзида XX аср аввалидаги диёримиз ҳамда россиялик мусаввирларнинг ижод намуналарини жамлагани билан аҳамиятлидир. Айни пайтда ушбу картиналарни Россиянинг ўзидаги коллекциялар ва музейларда ҳам учратиш мумкин эмас.
Ушбу музейга бугун бутун дунёдан санъат ихлосмандлари ташриф буюрмоқда.
Игорь Савицкийнинг санъатимиз ривожига қўшган улкан заҳматли меҳнатлари истиқлол йилларида юксак қадрланиб, у вафотидан кўп йиллар ўтгач, 2002 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига кўра, “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
Тасвирий санъат ва фольклорнинг ашаддий мухлиси, ҳам хазинабонига айланган, унга бор умрини бағишлаган Игорь Савицкий ҳақида юзлаб мақолалар, репортажлар, фильмлар яратилган, китоблар ёзилган. “Савицкий кундаликлари. Қадимий ва навқирон” номли янги мультимедиа кўргазмаси унинг заҳматли меҳнатлари, фаолияти ҳақида ҳикоя қилиши билан аҳамиятли.
Кўргазма жорий йилнинг 7 июнига қадар давом этади.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири