Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Санъат соҳасидаги энг қизиқарли лойиҳа
14:48 / 2023-04-14

Жорий йил 17-21 апрель кунлари Бадиий академия ва қатор вазирлик, ташкилотлар ҳамкорлигида республикамиз бўйлаб 2023 йил – "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили"га бағишланган Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали ўтказилади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Бадиий академиясида Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивалини ташкил қилиш ва ўтказиш чора-тадбирларига бағишланган матбуот анжумани  бўлиб  ўтди.  

XXI аср бўсағасида жаҳон ҳамжамиятига мустақил ва тенг ҳуқуқли бўлиб қўшилган Ўзбекистон халқаро жамоатчиликка юртимизнинг миллий бадиий бойликларини ҳамда кўп миллатли фуқароларнинг ижод маҳсулларини ранг-баранглиги билан кўрсатиш имкониятига эга бўлди.  

Аждодларимиздан қолган бой бадиий меросни ҳамда янгиланаётган Ўзбекистон рассом, ижодкорларининг тасвирий ва амалий санъатдаги ютуқларини дунёга танитиш асосий вазифалардан бирига айланди. Шу жиҳатдан Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивалининг аждодлардан  авлодларга ўтиб келаётган бой меросини тарғиб этиш, ўзбек тасвирий ва амалий санъати ютуқларини кенг танитиш, ижодий мулоқот, янги истеъдодларни юзага чиқариш, устоз-шогирд анъаналарини давом эттиришда аҳамияти катта.  

Фестиваль айни пайтда замонавий тасвирий ва амалий санъатдаги долзарб жараёнларни ўрганиш орқали турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга, жаҳон миқёсида ижодий ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.    

Фестиваль доирасида беш кун давомида нафақат пойтахт, балки республика бўйлаб миллий ва жаҳон санъати намуналари намойиш этилиши қувончли воқеадир. Айниқса, ўсиб келаётган авлодни ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб етишишида бу кўргазма ва бадиий жараёнларнинг аҳамияти беқиёс.  

Бу йил фестивалда Тошкент шаҳри, вилоят марказлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси кўргазма залларида таниқли хорижий ва маҳаллий ижодкорлар, усталарнинг сараланган асарлари асосида кўргазмалар, маҳорат дарслари, бадиий дастур намойишлари ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар, илмий конференциялар ўтказилади. 

Шу билан бирга, Бадиий академия тизимидаги таълим муассасаларидан ташқари олий ва ўрта, ихтисослашган ва умумий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёш ижодкорларнинг ижодий лойиҳалари (кўргазмалар, маҳорат дарслари, либослар кўриги) намойиши ташкил этилади.    

Жорий йилда фестиваль доирасида муҳим тадбир – Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ ташкилотига аъзо мамлакатлар – Озарбайжон, Туркия, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ҳамда Венгрия рассомлари ижодий кўргазмаси ўрин олди. ТУРКСОЙ ташкил этилганининг 30 йиллигига бағишланган ушбу кўргазма “Турк дунёси рассомларининг учрашуви” деб номланди. Шу билан бирга ТУРКСОЙ ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида кўпқиррали ҳамкорликни ривожлантириш мавзусида давра суҳбати ўтказилади.  

Санъат мухлисларига завқ, ижодкорларга эса илҳом улашувчи ушбу анъанавий санъат ҳафталигида Ўзбекистон Республикасидаги  қатор хорижий дипломатик ваколатхоналар ва меҳмонларнинг иштироки кутилмоқда.  

Н.Усмонова, ЎзА