French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Санъат соҳасидаги илмий тадқиқотларни изчил ривожлантириш йўлида
18:42 / 2020-06-27

Илмий тадқиқот ишларини олиб бориш ҳар қандай соҳанинг тараққиётини белгилайди.


Илмий тадқиқот ишларини олиб бориш ҳар қандай соҳанинг тараққиётини белгилайди. Шу сабабдан илмий мавзулар мавжуд муаммоларга ечим топиш, соҳанинг истиқболини белгилаш масалаларига қаратилганлиги билан долзарб.

Глобаллашув шароитида инсон қалби ва онги учун курашларда санъатнинг ҳам воситага айланиши соҳада илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ва янги босқичга олиб чиқиш заруриятини туғдирмоқда.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ўтказилган «Санъат назарияси ва тарихи» ва «Музейшунослик, консервация ва бадиий ёдгорликларни таъмирлаш» мутахассисликлари бўйича магистрларнинг онлайн ҳимоясида ҳам санъатшунослик ва музейшунослик соҳасидаги мавжуд муаммоларга бағишланган мавзулар тадқиқ этилгани ўз исботини топди. 

photo_2020-06-27_18-39-22.jpg  

Тадбирда институт ректори, тарих фанлари номзоди, доцент Нодирбек Сайфуллаев ҳимоя қилинаётган диссертациялар нафақат институт миқёсида, балки илмий жамоатчилик томонидан ҳам кенг муҳокама этилиши лозим бўлган долзарб мавзулар ёритилгани билан аҳамиятли эканлигини, улардан энг муносиб мавзуларни докторантура босқичида ҳам давом эттириш лозимлигини таъкидлади.

Мавзуларнинг тасвирий санъатнинг барча турлари, хусусан рангтасвир, графика, ҳайкалтарошликдаги муаммоларга бағишланганлиги муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, Азиза Шаропованинг “XX аср Ўзбекистон рангтасвири ривожи кесимида Н.Карахан ижоди” мавзусидаги магистрлик диссертациясида ўтган аср Ўзбекистон рангтасвири ривожланишида рассом Николай Карахан ижодининг ўрни тадқиқ этилган. 

Айтиш керак, ўзбек миллий авангард йўналишининг шаклланишида Николай Карахан ижодининг ўзига хос ўрни бор. Унинг ижоди нафақат ўтган аср, балки замонавий ўзбек рассомлари учун ҳам ижодий манба вазифасини бажармоқда. Шунингдек, Азиза Йўлдошеванинг «Ўзбекистон замонавий маҳобатли рангтасвири» мавзусидаги магистрлик иши маҳобатли рангтасвир санъатида кечаётган муаммоларга бағишланганлиги, Гулмира Сангированинг «Мустақиллик даври Ўзбекистон замонавий ҳайкалтарошлиги ривожланишининг тарихий-назарий аспектлари» мавзусидаги диссертацияси ҳайкалтарошлик санъатининг ривожланиш тамойилларини тадқиқ этганлиги ва соҳага доир муаммолар таҳлилига бағишланганлиги билан аҳамиятлидир. 

photo_2020-06-27_18-39-42.jpg  

«Музейшунослик, консервация ва бадиий ёдгорликларни таъмирлаш» мутахассислиги бўйича магистрантларнинг диссертация мавзулари ҳам музейшунослик соҳасининг долзарб муаммоларига бағишланганлиги билан ажралиб туради. Магистрант Зилолазода Юсупбоеванинг «Тошкент ўрта аср меъмориал диний мажмуаларини сақлаш ва оммалаштириш масалалари» мавзусидаги диссертациясида давр диний меъморий обидаларини музейлаштириш, оммалаштириш юзасидан берилган аниқ таклифлари билан ажралиб туради. Шунингдек, Азиза Роупованинг «Шаҳрисабз шаҳридаги меъморий ёдгорликларни оммалаштириш ва сақлаш услублари» мавзусидаги диссертациясида меъморий ёдгорликларни оммалаштириш ва сақлаш тажрибасини Шаҳрисабз шаҳри мисолида таҳлил этиб, тегишли хулосаларни берган. 

Ҳимоя қилинган Шаҳзода Ҳақбердиеванинг «Ўзбекистонда музей маркетингини ривожлантиришда илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш», Наргиза Тўраеванинг «Ўзбекистон бадиий музейларида экскурция олиб бориш технологиялари ва ишлаб чиқариш методлари» мавзуларидаги диссертациялари замонавий музейшунослик муаммолари ечимида ўзига хос ўрин тутади.

Ҳимоя сўнгида санъатшунослик ва музейшунослик соҳасининг долзарб масалаларига бағишланган тадқиқотлар сифатида баҳоланган ишлар муаллифларига мавзуларни таянч докторантурада давом эттириши юзасидан тавсиялар берилди.