Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Санъат миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлайди
22:13 / 2025-10-29

Маълумки, санъат ҳар қандай мамлакат ижтимоий-маданий тараққиёти йўлидаги энг таъсирчан ва самарали воситалардан бири ҳисобланади. Хусусан, санъатнинг ажралмас қисми саналган мусиқанинг ўзига хос жиҳати шундаки, куй таржимага муҳтож эмас. Бир миллат вакили яратган гўзал мусиқани дунёнинг барча халқлари тушунади, ҳис қилади, ушбу санъат асаридан завқ олади. Шу боис дунё халқлари бир-бирининг ўлмас мусиқаларини тинглайди, қадрлайди ва асрайди. Инсон қалбида инсонпарварлик, бағрикенглик, дўстлик ва тотувлик ғояларини уйғотувчи кучли восита сифатида эътироф этиладиган мусиқа ҳар қандай замонда халқларни бирлаштиради, маданиятлараро мулоқотни ривожлантиради, тинчликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тошкентдаги Миллий маданий марказлар павильонидаЎзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази, Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ҳамда Давлат санъат ва маданият институти ҳамкорлигида, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди молиявий кўмагида “Садоларда бирлик, қалбларда дўстлик” шиори остида “Мусиқий кўприк” бадиий кечаси ташкил этилди.

Мазкур тадбир миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва бирдамликни қарор топтириш орқали ягона фуқаровий ўзликни шакллантириш йўлида амалга оширилаётган ташаббус ва лойиҳаларнинг мантиқий давоми, муштарак мақсадларнинг амалий ифодаси сифатида намоён бўлди.

[gallery-25980]

Асосий ғояси мусиқий ижро орқали юртимизда яшовчи барча миллат ва элатларнинг ягона фуқаровий ўзликни шакллантириш, мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиш учун бирдек масъул эканлигини санъат тили орқали ифодалашдан иборат концерт дастуридан турли халқларнинг анъанавий ва замонавий мусиқий асарлари, дўстлик, тинчлик ва фаровонликни улуғловчи куй-қўшиқлар жой олди.

Айниқса Давлат санъат ва маданият институти талабалари бадиий жамоалари, озарбайжон, грузин, қозоқ, қирғиз, татар, турк ва уйғур миллий маданият марказлари вакилларининг чиқишлари тадбирга ўзгача шукуҳ бахш этди.

Мусиқа, рақс ва халқ куйлари уйғунлиги томошабинларга чексиз завқ бағишлади. Барча ижрочилар бир саҳнада жамланиши, якдил ижро этилган муштарак тарона эса мусиқанинг дўстлик, бирлик рамзи эканини яна бир бор намойиш этди.

Анжуман якунида барча иштирокчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Умуман, мазкур санъат байрами миллатлараро мулоқотни чуқурлаштириш, ёшлар орасида маданий алмашинувни рағбатлантириш орқали халқлар дўстлигини мустаҳкамловчи муҳим ижтимоий-маънавий майдон вазифасини ўтади. Қолаверса, мусиқа воситасида халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни кучайтириш йўлида муҳим қадам бўлди.

Ғ.Хонназаров, ЎзА

Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.