ФОТОРЕПОРТАЖ
Юнус Ражабий номидаги Жиззах вилоят мусиқали драма театрида вилоят мақом ансамблининг йил якуни бўйича анъанавий ҳисобот концерти бўлиб ўтди. Тадбирда ансамбль томонидан жорий йил давомида амалга оширилган ижодий ишлар, яратилган янги асарлар ва репертуар янгиликлари кенг жамоатчиликка тақдим этилди.
Концерт дастурида Жиззах вилоятида ижод қилиб, миллий санъат равнақига муносиб ҳисса қўшган марҳум санъаткорлар ижодидан намуна сифатида бир қатор куй ва қўшиқлар ҳам ижро этилди.
- Бугунги концерт вилоятимизда амалга оширилаётган маданий-маърифий ислоҳотларнинг амалий самарасини кўрсатиб берди, - дейди мақом ансамбли раҳбари Зулхумор Мамарасулзода. - Жиззах санъат мактабида улкан из қолдирган улуғ санъаткорларимизнинг хотирасини ёд этдик. Чунки уларнинг асарларини ёш авлодга етказиш, маданий меросни асраб-авайлаш ва уни давом эттириш бизнинг асосий мақсадларимиздан биридир.
[gallery-26592]
Ансамбль ижрочиларининг жонли ижроси, мақом санъатининг турли йўналишларига оид ноёб асарлар ҳамда ҳар бир мусиқий чиқишга берилган қисқа маърифий тушунтиришлар концерт дастурини янада мазмунли қилди.
Кеча томошабинларнинг кўтаринки руҳдаги иштироки остида фаол ўтди ва бадиий жиҳатдан юксак баҳоланди.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА