Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Санъат дарғасига эҳтиром
15:17 / 2025-08-06

Инсон доим яхши қўшиққа, мукаммал мусиқага эҳтиёж сезади. Устоз хонанда, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев миллионлаб мухлисларнинг қалбини забт этган бетакрор санъаткор, ўзбек миллий қўшиқчилик санъатининг сардори эди. Ҳофизни халқимиз чексиз меҳр ва эҳтиром, алоҳида ҳурмат билан ёдга олади. Қўшиқларини интиқлик билан тинглайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кейинги йилларда миллий санъатимиз ривожига кўрсатилаётган улкан эътибор, адолатнинг тикланиши асл қўшиқчилик анъаналарини  сақлаш ва тарғиб этиш, устозлар меросини қадрлаш борасида янги саҳифани очиб берди.      

Бу жиҳатлар бетакрор санъаткор, буюк қалб соҳиби, миллий қўшиқчилигимиз қироли, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев  ижодини ардоқлаш, унинг кўп йиллик меҳнатларини юксак эътироф этиш, санъатини тарғиб этиш, санъаткорнинг ўзига, оиласига эътибор, эҳтиром кўрсатиш бўйича амалий ишларда яққол намоён бўлмоқда.  

Юртбошимиз томонидан 2025 йил 28 июль куни “Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев хотирасини абадийлаштириш ва унинг ижодий мактаби анъаналарини муносиб давом эттиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилиниши наинки санъаткорнинг оила аъзолари ва яқинлари, балки миллионлаб мухлисларнинг қалбини қувончга тўлдиргани, ҳақиқатнинг мудом устуворлигига ишонч туйғуларини мустаҳкамлагани аниқ.      

Устоз санъаткор қандай оғир вазиятга дуч келмасин, Ватанни ташлаб кетмади. Санъатга, халққа, мухлисларга хиёнат қилмади. Тўйлар, давраларда ўз ижроси билан халқимизни мамнун этишда давом этаверди. Буюк ҳофиз Шерали Жўраевни, унинг бетакрор қўшиқларини, тенгсиз овозини  халқимиз нечоғли яхши кўргани тўйлар, давралар, концерт дастурларининг видеолари орқали барчамизга яхши аён.  Санъаткорнинг шахсий ташаббуси асосида йўлга қўйилган “Ишқнинг етти жилоси” номли маърифий-маънавий лойиҳа мумтоз адабиётимизнинг Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби намояндаларининг ижодини тарғиб этиш, миллий мусиқамизнинг даражасини юксалтиришда алоҳида аҳамият касб этади.  

Мамлакатимизда эса бошланган янгиланиш шабадаларида бир жиҳат – адолат ва ҳақиқатнинг тикланиши устуворлиги халқимиз томонидан ҳам, халқаро жамоатчилик томонидан ҳам юксак эътироф этилмоқда. Санъаткор ижросидаги  қўшиқлар яна эфирларда, ойнаижаҳон орқали янграй бошлагани, устоз ҳофизнинг Мустақиллик, Наврўз каби халқимизнинг энг ардоқли байрамларига бағишланган давлат тадбирларида фаол иштирок этгани,  Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари асосида Шерали Жўраевнинг “Фидокорона хизматлари учун”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан тақдирлангани ана шу ҳақиқатни тиклаш йўлидаги эзгу қадамнинг ёрқин намунасидир.  

Аслида Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йил 16 февраль куни  Андижон вилоятига ташрифи чоғида  ўзбек қўшиқчилик санъати ривожида ўчмас из қолдирган Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти, Алишер Навоий мукофоти совриндори, машҳур ҳофиз Шерали Жўраев номини барчамиз алоҳида ҳурмат билан эсга олишимизни таъкидлаб, Андижон шаҳридаги санъат мактабига Шерали Жўраев номини бериш таклифини илгари сурган эди. Шунингдек, бу мактаб Мусиқа ва санъат коллежига айлантирилиб, грант асосида замонавий кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилиши, янги ўқув ва турар жой биноси, зарур инфратузилма объектлари барпо этилиши, Шерали Жўраев бюсти ўрнатилиши хусусидаги ғояни илгари сурганди.  

Президентимизнинг  2025 йил 28 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев хотирасини абадийлаштириш ва унинг ижодий мактаби анъаналарини муносиб давом эттиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори машҳур ҳофиз ва бастакор хотирасини абадийлаштириш, унинг ижодий анъаналарини давом эттириш борасида янги имкониятларни очишга хизмат қилади.  

Ушбу ҳужжатга кўра,  Андижон ихтисослаштирилган санъат мактаби негизида Шерали Жўраев номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби ташкил этилади. Олий мактаб Маданият вазирлиги тизимига киради ҳамда унда ўқув жараёни 2025/2026 ўқув йилидан бошланади.  

Олий мактабга Маданият вазирлиги томонидан шакллантириладиган ҳар йилги қабул квоталари доирасида бошланғич мусиқий билимга эга бўлган ўқувчилар ижодий синов асосида 9-синфдан қабул қилинади.  Унда ўқув жараёни давлат грантига асосланган 3 йиллик ўқув дастури бўйича ташкил этилади ҳамда унинг битирувчиларига  ўрта махсус касбий таълим тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилади.  

Мазкур қарорга асосан, санъат билим даргоҳида ўқув дастурлари таълим йўналишлари бўйича таянч олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим дастурлари билан ўзаро интеграция қилинади.  

Ўз навбатида Маданият вазирлиги томонидан республиканинг бошқа ҳудудларида фаолият олиб бораётган соҳанинг етакчи профессор-ўқитувчи ва мутахассисларини Олий мактабда ўқув жараёнига жалб этиш, семинар, очиқ дарс, маҳорат дарслари ҳамда махсус курслар ташкил этиш, тасарруфидаги олий таълим ташкилотларининг етакчи профессор-ўқитувчилари томонидан ўқув дастурларга мувофиқ семинар, очиқ дарс, маҳорат дарслари ҳамда махсус курслар ташкил этиш ҳамда уларни қўшимча рағбатлантириб боришга эътибор қаратилади. Шу билан бирга  ҳар йили миллий қўшиқчилик ва ижро санъати бўйича Шерали Жўраев номидаги телевизион танловни ўтказиш,  танлов ғолибларини қонунчиликка мувофиқ олий таълим ташкилотларига имтиёзли қабул қилиш тартибини жорий этиш бўйича амалий ишлар олиб борилади.  

Шу билан бирга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда ҳар йили миллий қўшиқчилик ва ижро санъати, шу жумладан, Шерали Жўраев ижодий йўналиши ва фаолияти бўйича илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси доирасида мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантириб бориш, Олий мактабда Шерали Жўраев ижодий йўналиши ва фаолияти бўйича илмий-ижодий лаборатория фаолиятини йўлга қўйишга аҳамият қаратилади.  

Олий мактаб учун қўшимча 200 ўринли ўқув биноси қуриш ҳамда зарур инфратузилма объектлари билан таъминлаш ишлари  амалга оширилади. Бадиий академия билан биргаликда Олий мактаб ҳудудида Шерали Жўраев бюсти ўрнатилади. Ҳар йили апрель ойида халқимизнинг ардоқли санъаткорининг  таваллуд санасини кенг нишонлашга эътибор қаратилади. 2026 йил якунига қадар Олий мактабда замонавий овоз ёзиш ва тасвирга олиш студияси ташкил этилиб, ундан иқтидорли ёш ижодкорларнинг имтиёзли асосда фойдаланиши кенг  йўлга қўйилади.  

Буларнинг барчаси устоз санъаткор Шерали Жўраев ижодини асраб-авайлаш, кенг тарғиб этиш, хотирасига эъзоз ва эҳтиром кўрсатиш орқали улғайиб келаётган ёш авлод маънавиятини юксалтириш, санъатимиздаги асл анъаналарни, миллийликни сақлаш борасидаги ибратли ишларнинг амалий ифодасидир.  

Назокат Усмонова,

ЎзА мухбири