Эл орасида санъат чегара билмайди, деган гап бор. Бу айни ҳақиқат. Кузатган бўлсангиз, ҳар бир ўтказиладиган тадбирлар жозибали куй-қўшиқлар, инсонни мафтун этувчи гўзал рақсларсиз ўтмайди. Киши руҳиятига кўтаринкилик, кайфият улашувчи илоҳий куч бағишлашда санъатнинг бениҳоя ўрни бор, албатта.
Куни кеча бўлиб ўтган ана шундай тадбирдан кўпчилик ўзига маънавий озуқа олди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат миллий кутубхонасида сирдарёлик санъат усталари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Асатилло Холиқов ҳамда Ўзбекистон халқ таълими аълочиси, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳибаси Барноҳон Холиқованинг ҳаёти ва ижодига бағишланган “Санъатдан бахтини топганлар” номли тадбир ўтказилди.

Кечада юртимизда истиқомат қилаётган маданият ва санъат арбоблари, таниқли ижодкорлар ҳамда ОАВлари ходимлари билан бирга хорижлик ижодкор швейцариялик раққоса Катя Даниелла Хиллебранд ҳам иштирок этди.
Тадбирда ижодкорларнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган “Санъатдан бахтини топганлар” деб номланган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Шу билан бирга Ҳиндистонда чоп этилган “SYRDARYA “BASKET” DANCE GROUP” номли китоб тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Санъатшунос олима Нурхон Зулинова, Ўзбекистон давлат хореография академияси ректори, профессор Шуҳрат Тўхтасинов, филология фанлари доктори Ҳулкар Ҳамроева, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ўғилой Муҳаммедова, “Баҳор” рақс ансамбли директори Гулнора Мусаева ва бошқа ижодкорлар сўзга чиқиб, икки ижодкорнинг босиб ўтган ҳаёт ва ижод йўли, ёшлар тарбиясида намуна бўладиган жиҳатлар ҳақида сўз юритди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Асатилла Холиқов ижросидаги қўшиқларга швейцариялик меҳмон Катя Даниелла Хиллебранд рақсга тушди.
Тадбир иштирокчиларга кўтаринки кайфият, завқ бағишлади.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири