Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Санъат аҳли учун яна бир имконият
15:10 / 2022-07-14

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 июлда эълон қилинган “Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслардан давлат божини ундириш ҳамда уларни солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони мамлакатимиз санъаткорлари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Ушбу ҳужжат концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш лицензияси учун давлат божини ундириш ва ушбу лицензияга эга шахсларни солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш ҳамда санъаткорлар учун қулай ижодий муҳит яратишдек мақсадларни кўзлаши билан аҳамиятлидир. 

Мазкур фармон бўйича соҳа вакиллари қандай фикрда? Қуйида фармон юзасидан уларнинг муносабат ва фикрларини келтирамиз.

Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири:

– Миллий санъатимизни, умуман, санъат, ижод, адабиёт аҳлини фаол қўллаб-қувватлаш, улар учун зарур барча шароит ва имкониятларни яратиш, ёши улуғ устоз санъаткорларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш, уларни эъзозлаш давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келган. Бундай савобли юмушлар замирида санъат ва маданият равнақи орқали халқимиз, айниқса ёш авлод маънавиятини юксалтиришдек улуғвор мақсадлар мужассам экани ҳар бир соҳа вакилини қувонтиради. Президентимизнинг 2022 йил 13 июлда қабул қилган фармони соҳа ривожида янги имкониятларни белгилаб бериши билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш лицензияси учун давлат божини ундириш ва лицензияга эга шахсларни солиққа тортиш тизими такомиллаштирилди. Яъни, аввалги рейтинг гуруҳлари соддалаштирилиб, олтита рейтинг гуруҳи учтага қисқартирилди. Бу эса ижодкорларга давлат божи тўловини 3 баробарга камайтирди.

Шерали Жўраев, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти:

– Мазкур фармон билан санъат соҳасидаги ҳар бир ижодкорга жуда катта имкониятлар яратиб берилмоқда. Айниқса, самарали меҳнат қилиб келаётган нафақадаги санъаткорларнинг лицензиядан озод этилиши нафақат улар учун имтиёз, балки кўп йиллик фаолиятини эътироф этиш, қадрлаш ва улуғлашнинг ёрқин ифодасидир.

Бир жиҳатини очиқ эътироф этиш керакки, 50 йилдан ортиқ фаолиятим давомида санъаткорларга сира бунақанги имконият яратиб берилмаган. Нафақадамисан, касалмисан, тўйга чиқасанми, йўқми, лицензия олишинг шарт эди. Бугунги ғамхўрлик “Инсон қадри учун” деган тамойилнинг яна бир ҳаётий ифодасидир.

Даврон Шералиев, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси бош директори:

 Президентимизнинг фармонига кўра, жорий йилнинг 1 сентябрдан бошлаб тўй-юбилей ва бошқа тантаналарда фаолият юритувчи санъаткорларга фақатгина III-рейтинг гуруҳи асосида лицензия берилади. Уларга йиллик 900 минг сўм миқдорида лицензияга давлат божи тўланиши белгиланди. Ушбу қарор кучга киргунига қадар, яъни ҳозир тўй фаолияти йўналиши бўйича лицензияга 2 миллион 100 минг сўм тўланган.

2024 йил 1 январгача фақатгина тўй-юбилей ва бошқа тантаналарда фаолият юритувчи ижрочилар қатъий белгиланган солиқ тўлашдан озод қилинди. Шу билан бирга, меҳнат фаолияти билан шуғулланмайдиганларга бир йилда бир марта 300 минг ижтимоий солиқ тўланади ва бу бир йиллик иш стажи ҳисобланади. Шу вақтгача санъаткорлар ҳар ойда 300 минг сўмдан бир йилга 3 миллион 600 минг сўм ижтимоий солиқ тўлаб келаётган эди.

Энди маданият муассасаларида, корхона ва ташкилотларда фаолият олиб борувчи санъаткорлар қўшимча равишда лицензия асосида фаолият олиб бораётганлиги учун ижтимоий солиқ тўлашдан озод этилди.

Ғуломжон Ёқубов, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти: 

– Бугунги сиёсатимизда бир жиҳатга такрор ва такрор амин бўламанки, халқда қандай фикр ва таклиф бўлса, давлат ҳаммасини эшитаяпти, эътиборга олаяпти.

Яқиндагина Маданият вазирлиги биносида ўтказилган йиғилишда биз - санъаткорлардан ўз фаолиятимизга доир таклифлар сўралганда, фикрларимизни айтгандик. Қарангки, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай “Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслардан давлат божини ундириш ҳамда уларни солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармон қабул қилинди. Бунда ҳамма таклифлар ўз ифодасини топган. Бундан жудаям хурсандмиз.

Фармон билан кўп йиллик самарали меҳнат қилган санъаткорларга қатор имтиёзлар яратиб берилмоқда. Масалан, пенсияга чиққан, ногиронлиги бўлган санъаткор ва талаб-ёшларимиз давлат божини тўлашдан тўлиқ озод этилди.

Маҳмуд Намозов, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти:

 Тўғриси, авваллари кўпгина соҳаларда давлат божидан озод қилиш бўйича имтиёзлар қўлланилишини кўрардик. Қани энди санъаткорларга ҳам шундай имкониятлар яратилса, деган фикр ўтган кўнглимиздан. Мана энди шу кунлар ҳам келди. Фармон билан солиқ имтиёзларининг берилаётгани айнан кексалик гаштини сураётган устозларимизга, ногиронлиги бўлган ҳамкасбларимизга жуда катта эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.

Равшан Комилов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист:

 Узоқ йиллик фаолиятимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, ўзим, созандаларим, раққосалар, операторлар ва суҳандонлар алоҳида-алоҳида лицензия олиб, шундан кейин тўй ва концертларда хизмат кўрсатиб келганмиз. Фармонга мувофиқ, юридик шахс ташкил этган ижодий жамоалар ва ансамбллардан давлат божи ягона лицензия бўйича ундирилиши белгиланди.

Бу нима дегани? Дейлик, олдин битта жамоада 10 киши фаолият юритган бўлса, ҳар бир созанда 3 миллион сўмдан 30 миллион сўм, хонанда эса 15 миллион сўм, жами 45 миллион сўм давлат божи тўлаган.  Эндиликда Президент фармони билан битта жамоа 6 миллион сўм тўлайди. Бу молиявий жиҳатдан катта енгилликдир.

 

Озода Нурсаидова, эстрада хонандаси:

 Ушбу фармон мамлакатимизда маданият ва санъат соҳаси ривожига қаратилаётган юксак эътиборнинг яна бир ёрқин тасдиғидир. Фикримча, фармонда назарда тутилган энг муҳим жиҳатлардан бири — бу 2024 йил 1 январдан бошлаб, санъаткорларнинг фаолиятидан топган даромад солиғини декларация асосида ундириш тизимига ўтилаётганлигидир. Бу дегани ижодкор ҳақиқий топган даромади ҳисобидан солиқ тўлайди. 

Ушбу жараёнда йиллик умумий даромаднинг 10 ва 30 фоизи миқдорида чегирмалар қўлланилиши ҳам катта имкониятдир. Бундай имтиёз дастлаб хонандаларга, келгусида эса бошқа ижодкорларга татбиқ этилиши санъат аҳли учун жуда катта қулайлик яратади.

 

ЎзА мухбири 

Назокат Усмонова  ёзиб олди.