Илмий салоҳият бугунги кунда олий таълим ва илмий-тадқиқот соҳаларининг рақобатбардошлигини белгиловчи муҳим мезонлардан бири. Шу боис, Олий аттестация комиссияси томонидан илмий унвонлар берилишига оид ишларни янада такомиллаштиришга илм-фаннинг юксалиш омили сифатида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Олий аттестация комиссияси томонидан Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида фаолият юритаётган 8 нафар атоқли санъаткор – Ўзбекистон халқ артистлари, Ўзбекистон халқ ҳофизлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар ва санъат арбоблари жумладан, Исроилжон Ваҳобов, Зулайхо Бойхонова, Оғабек Собиров, Қаҳҳор Раҳимов, Ғуломжон Эшчонов, Ғафур Эшчонов, Насиба Сатторова, Дилфуза Раҳимова, Муҳаббат Солиҳовага профессорлик ва доцентлик илмий унвонларини топшириш маросими ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков мамлакатимизда ижодкор зиёлилар, санъат ва маданият аҳлини қўллаб-қувватлаш масаласи давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътиборида эканини эътироф этди.
Тантанали тадбирда маданият вазири О.Назарбеков илмий унвонларни ўз соҳибларига топширди.
* * *
Куннинг иккинчи қисмида мазкур олий ўқув юртида пойтахтни экологик тоза ҳудудга айлантириш бўйича амалга оширилган ишларга бағишланган тадбир ўтказилди.
Тадбир доирасида “Илм ва саломатлик - тараққиёт пойдевори” шиори остида веломарафон ўтказилди.
Марафоннинг якуний қисмида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ректори, профессор Элдор Шерманов томонидан институт жамоасидаги профессор-ўқитувчилар, жумладан, фидокор аёл ходимларга юксак эътибор ифодаси сифатида 20 дона замонавий велосипед топширилди.

Бу ҳадя шунчаки оддий совға эмас, балки соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, экологик маданиятни юксалтириш ва транспорт воситаларидан фойдаланиш маданиятини қайта кўриб чиқиш заруратини англатадиган амалий ташаббусдир.
Тадбир доирасида маданият вазири бошчилигида қатор ходимлар Тошкент шаҳар кўчалари бўйлаб велосипедда ҳаракатланиб, ушбу ташаббус орқали нафақат ёш авлодга, балки бутун жамиятга табиатга меҳр, тоза ҳаво ва соғлом ҳаёт тарзига ўз муносабатини билдирди.
Aйтиш жоизки, институт бугунги кунда нафақат ўзбек мусиқа меросини асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш, балки ёшлар онгида экологик ва маданий қадриятларни сингдиришда ҳам фаол иштирок этмоқда.
Бу ибратли ишлар жамиятимизда экологик маданиятни юксалтириш, аҳолининг транспорт воситаларидан фойдаланиш борасидаги қарашларини соғломлаштириш ва айниқса, олий таълим муассасалари мисолида барқарор яшаш тарзини шакллантириш йўлидаги навбатдаги ижобий қадам бўлди. Шубҳасиз, бу каби ташаббуслар юртимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар ва инсон қадри устувор бўлган жамият қурилиши йўлида юксак маънавий масъулиятни ифодалайди.

Н.Усмонова, ЎзА