Президентимиз жорий йил 17 февраль куни Бухоро вилоятига ташрифи чоғида кластерлар раҳбарлари билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, уларга қарата “Майли бой бўлсин, фақат ҳаёт билан бирга. Халқ билан бирга” деб айтган сўзларига жавобан, эндиликда соҳанинг ҳар бир ходими эл-юрт маъмурчилиги, Ватанимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш йўлида фидокорона меҳнат қилишни кўнглига тугиб қўйди, десам муболаға бўлмайди.
Дарҳақиқат, кластерлар раҳбарлари она юртимизни ва унда яшаётган бунёдкор халқимизнинг қувончу ташвишларини қалбан ҳис этиб, уларга мададкор, бандлигини таъминлашда етакчи бўлиши зарур деб уйлайман.
Вилоятимизда бугунги кунда 11 та пахта тўқимачилик кластерлари фаолият юритмоқда. Ўтган 2022 йилда улар томонидан салкам 99 минг гектар ерда 358 минг тоннадан ортиқ пахта етиштирилган. 2 триллион 36 миллиард сўмлик 36 та истиқболли лойиҳа амалга оширилган. 3600 та янги иш ўрни яратилган. Ташқи бозорга қарийб 77 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Буларнинг барчаси кластерларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг самарали меҳнати ифодасидир.
Кластерлар раҳбарлари билан ўтказилган самимий суҳбатда Юртбошимиз уларга жуда катта ишонч билдирди. Соҳа ходимларининг бугунги кунда халқпарвар бўлишлари зарурлигини қайта-қайта таъкидлади. Дарҳақиқат, кейинги беш йилда қишлоқ хўжалиги, хусусан кластерларни янада ривожлантиришга қаратилган иқтисодий ислоҳотлар ўз самарасини берди. Том маънода жойлардаги кластерларнинг “қаддини тутиб” олишида муҳим аҳамият касб этди. Эндиги устувор вазифа эса Президентимиз уқтирганидек, кластерларнинг халқчил ва халқпарвар бўлишларига эришишдан иборат. Кластер тизимининг барча ишбошилари ва ҳамкорлари қатори ҳар доим бўлганидек, бундан кейин ҳам бутун куч-ғайратимиз, билимимиз ва тўплаган иш тажрибамизни Президентимиз томонидан белгиланган устувор вазифаларни бажаришга ва кўзланган марраларни забт этишга сафарбар этаверамиз.
Мен Пешку туманидаги “Малишояк” кўп тармокли фермер хўжалигини 25 йилдан буён бошқариб келяпман. Юртбошимиз биз, фермерлар ва кластерлар раҳбарлари билан юзма-юз мулоқот чоғида мавжуд муаммоларни тингладилар. Биз ўз навбатида соҳани янада ривожлантириш юзасидан таклифларимизни ҳам билдирдик. Фермер хўжаликлари томонидан етиштириладиган пахта хом ашёсини қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ҳолига келтириш мен сингари фермер хўжалиги раҳбарларининг кўп йиллик орзуси эди. Мана 5 йилдирки мамлакатимизда йўлга қўйилган янги тизим кластерлар билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Агрокластерлар билан тузилган ўзаро манфаатли шартномалар асосида олиб бораётган фаолиятимиз ўз амалий натижасини бермоқда. Шу тариқа ўтган 2022 йилда 44 гектар майдонда пахта етиштириб, ҳосилдорликни гектар бошига 44 центнерга етказдик.
Ҳосилдан олинган 2 миллиард сўм даромад маблағи ерларни лазер қилишга, контурларни кенгайтиришга, фермер хўжалиги ишчиларини ижтимоий ҳимоя қилишга, хўжалигимиз ҳузурида барпо этилган 100 ўринли хусусий мактабгача таълим ташкилоти харажатларини қоплашга сарфланди. Бундан ташқари, фермер хўжалиги тасарруфидаги 7 гектар ерни 43 нафар фуқароларнинг ҳар бирига 15 сотихдан Е-аукцион орқали ажратиб бериб, ушбу майдонларда сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйдик. Бу аҳолини иш билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ишларига муносиб ҳисса бўлди. Шунингдек, фермер хўжалигимиздаги 60 гектар ер атрофида тут ва ток кўчатларини экишни ташкил этганимиз ҳам ўз самарасини беряпти.
Маълумки вилоятимизнинг аксарият экин майдонлари шўрланган бўлиб бу деҳқончиликда муайян қийинчиликларни туғдиради. Шуни ҳисобга олиб, ернинг шўрини ювиш ва бартараф этиш мақсадида тут ва ток кўчатлари экишга кўпроқ аҳамият беряпмиз. Фаолиятимнинг дастлабки йилларида бор йўғи 1,5 гектар майдонда деҳқончилик қилган бўлсак, бугунги кунга келиб хўжалигимизга қарашли 100 гектар майдонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиряпмиз.
Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида кластерлар раҳбарларига берган маслаҳат ва кўрсатмалари, энг муҳими уларга билдирилган юксак ишонч мени ҳам руҳлантириб, келгусида кластертизими вакилларидан бири сифатида самарали фаолият олиб боришга даъват этмоқда. Мен тажрибамдан келиб чиқиб бемалол айта оламанки, кластер тизими Янги Ўзбекистоннинг ўзини тўлиқ оқлайдиган, юртдошларимизнинг бой ва фаровон яшашларини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшадиган асосий бўғинига айланади.
Санам Жумаева,
Бухоро вилояти Пешку туманидаги
“Малишояк” фермер хўжалиги раҳбари,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
ЎзА