Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сан-Франциско учрашуви АҚШ – Хитой муносабатида янги даврми?
01:42 / 2023-11-18

Маълумки, АҚШ Калифорния штати Сан-Франциско шаҳрида Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммити бўлиб ўтди. Анжуман доирасида ушбу мамлакатга ташриф буюрган ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Президент Жо Байден ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Хитой етакчисининг АҚШга бундан аввалги ташрифи олти йил олдин амалга оширилган экан.

Си Цзиньпин Сан-Францискога сешанба куни етиб келган, учрашув чоршанба куни бўлиб ўтган.

11-17 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги савдо-иқтисодий анжумани минтақадаги йигирмадан зиёд мамлакатни бирлаштирди.

Маълум қилинишича, икки мамлакат раҳбарлари учрашуви тўрт соат чўзилган.

– Музокара икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг барча йўналишлари ҳамда дунёда юзага келган вазиятни қамраб олди, – деб баёнот берди ХХР ташқи ишлар вазири Ван И учрашув якуни бўйича уюштирилган матбуот анжуманида. – Тўрт соатга чўзилган учрашув якунигача синхрон таржимадан фойдаланилди.

Ван И таъкидлашича, икки давлат етакчиларининг музокараси “жуда яхши” ўтган, мулоқот “чуқур ва ҳар томонлама” кечган.

– Икки мамлакат раҳбарлари турли масалаларда фикр алмашди, энг долзарб масалалар, жумладан бир-бирини тушунишни шакллантириш, келишмовчиликни муносиб равишда бошқариш, мулоқотни давом эттириш бўйича қарашларини баён қилди, – деди Чин мамлакати  ташқи сиёсат идораси раҳбари.

Вазир маълум қилишича, томонлар Фаластин – Исроил можароси, Украина инқирози, иқлим ўзгариши, сунъий интеллект каби  долзарб халқаро муаммоларни ҳам кўтарган.

Синьхуа” агентлиги хабар беришича, ХХР етакчиси америкалик дўстлар гуруҳи уюштирган зиёфатда сўзга чиқиб, шундай деган:

– Хитой ҳеч қачон АҚШ ютқазишидан умидвор бўлмайди, ҳеч қачон бу мамлакатнинг ички ишларига аралашмайди, Қўшма Штатларга хавф туғдиришга интилмайди.

Си Цзиньпин таъкидлашича, Хитой АҚШнинг ривожланиши ва тараққий этаётганини қувонч билан кузатиб бормоқда. Унинг айтишича, ўз навбатида АҚШ ҳам Хитойнинг ютқазиши учун интилмасилиги ва ички ишига аралашмаслиги керак. Хитой – Америка муносабати бўйича одамларда умид мавжуд. Ҳар икки мамлакатнинг келажаги – ёшлар. Шу боис ўзаро алоқа ва алмашинувни кенгайтириш лозим.

АҚШ – Хитой ўртасида кескинлик кучайганига қарамай, Си Цзиньпин сўнгги ойларда “соғлом ва барқарор” муносабат муҳимлигини бир неча бор таъкидлади. Алоқалар ривожида осонликча қўлга киритилмаган натижаларни қадрлаш кераклигига урғу берди. Унинг сўзларига кўра, Хитой ва АҚШ манфаати “бир-бирига чамбарчас боғлиқ” ва инсониятнинг келажаги ва тақдири бу икки мамлакат тўғри, бирга яшаш йўлини топа олишига боғлиқ.

Ўз навбатида Жо Байден ҳам Си Цзиньпин билан музокара самарали кечганини тан олган. Ўзаро бир қатор минтақавий ва глобал муаммолар, жумладан Россия – Украина зиддияти, Яқин Шарқдаги можаро муҳокама қилинганини қайд қилган.

“Раис Си ва мен минтақавий ҳамда глобал масалаларнинг кенг доирасини кўриб чиқдик”, деган АҚШ Президенти.

Байден айтишича, музокарада инсон ҳуқуқи, Хитойнинг америкаликларни ҳибсга олиши ва Жанубий Хитой денгизидаги ҳаракати билан боғлиқ муаммолар ҳам таҳлил қилинган.

– Мен унга биз ноқонуний ҳибсга олинган, деб ҳисоблаган шахсларнинг исмини айтдим, – деди Байден. – Бу борада ҳеч қандай келишувга эришилмаган. Шунингдек, Тайвань бўғозида тинчлик ва барқарорлик мавзуси, Хитой ҳукумати томонидан бизнесга босим ўтказиш масаласи ҳам кўтарилди.

Умуман, Байден ҳозирги ижобий қадамни олқишлашини таъкидлаган.

– Бугун биз Америка дипломатиясининг энг яхши анъаналарини ҳаётга татбиқ этаётганимизни, рақобатчиларимиз билан музокара олиб бораётганимизни бутун дунё кўриши муҳим, – деган АҚШ етакчиси.

Бу фикрга Хитой раҳбари ҳам қўшилиб, Хитой – АҚШ муносабати дунёда “энг муҳими” деган.

Сиёсий кузатувчилар фикрича, мазкур мулоқот тарихий воқеа бўлиб, мамлакатлар муносабатида ҳам, дунё кун тартибида ҳам янги даврни бошлаб бериши мумкин. Агар шундай бўлиб чиқса, мазкур олий даражадаги учрашув дунё ҳамжамияти учун ҳам том маънода муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, ТИВ раҳбари Ван И таъкидлаганидек, Байден ва Си Цзиньпин учрашуви узоқ муддатли натижага олиб келадиган стратегик аҳамиятга молик ҳодиса бўлганига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

С.Раҳимов, 

ЎзА