Хабарингиз бор, футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг жорий йилги мавсуми ўз ниҳоясига етди. Гарчи ушбу мавсум якунланиб, янги лига мусобақасига қадар бир неча ой борлигига қарамасдан, айрим жамоаларимиз бўлажак чемпионатга тайёргарликни ҳозирдан бошлаб юборди.
Гап шундаки, бу йилги чемпионатда 35 очко жамғариб, 11-ўриндан жой олган “Андижон” клуби раҳбарияти янги мавсумга тайёргарликни жамоа бош мураббийини ўзгартиришдан бошлади. Мутасаддилар ушбу лавозимни тажрибали мураббий Самвел Бабаянга ишониб топширди.
Шу ўринда, Самвел Бабаян ҳақида қисқача маълумот бериб ўтишни лозим топдик. Самвел Бабаян 1971 йилнинг 19 май санасида Тошкентда таваллуд топган. У мураббийлик фаолияти давомида “Пахтакор”, “Навбаҳор”, “Спартак” (Латвия), “Локомотив”, “Чанчун Ятай” (Хитой) каби клубларда бош мураббийлик қилган ва Ўзбекистон миллий терма жамоасини ҳам бошқарган.
Самвел Бабаян бош мураббий ва клуб раҳбари сифатида “Пахтакор” билан 9 карра Ўзбекистон чемпиони, 8 марта Ўзбекистон кубоги ғолиби, Осиё чемпионлар лигасида икки марта ярим финал иштирокчиси, бир марта МДҲ кубоги ғолиби, Осиёнинг энг яхши клуби, шунингдек, “Навбаҳор” билан Ўзбекистон чемпиони бўлган ва икки марта Ўзбекистон кубоги ғолиблигини қўлга киритган ҳолда ОЧЛ 1\8 финалигача етиб борган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА