Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Самосуд” орқали жазолаганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
18:39 / 2021-03-16

Фуқаролар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан тушган мурожаатлар, саволларга Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева жавоб берди.

– Ижтимоий тармоқлар орқали фуқаролар ўртасида бир-бирини “самосуд” қилиш орқали жазолаш ҳолатлари кўп учрамоқда. Буни содир қилган шахсларга қандай жавобгарлик белгиланган?

– Ўзича судлаш (самосуд), яъни қонун тили билан айтганда “ўзбошимчалик” – Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 200-моддасига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Ўзбошимчалик, яъни ўзининг ҳақиқий ёки назарда тутилган ҳуқуқини фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларига, давлат манфаатлари ёки жамоат манфаатларига жиддий зарар ёки зиён келтирмаган ҳолда ўзбошимчалик билан амалга оширса – фуқароларга БҲМнинг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексининг 229-моддасига кўра, ўзбошимчалик, яъни ҳақиқий ёки фараз қилинган ҳуқуқларни ўзбошимчалик билан амалга ошириш фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса — БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланган.

“Самосуд” қилиш натижасида ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказганлик учун ҳам қонунчиликда жавобгарлик белгиланган. Яъни, Жиноят кодексининг 103-моддасига кўра, шахсни қўрқитиш, унга раҳмсиз муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиш натижасида уни ўзини ўзи ўлдириш даражасига ёки ўзини ўзи ўлдиришига суиқасд қилиш даражасига етказиш – 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан ташқари, ўзича судлаш (самосуд) оқибатида қасддан одам ўлдириш жинояти содир этилса, Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноий жавобгарликка тортилиб, ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши, жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдирса, Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг “л”-банди, яъни безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириш, ўн беш йилдан йигирма беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланиши белгиланган.

Мулоқотда шу каби кўплаб долзарб саволларга жавоб берилди.

Муаттар Бурҳонова, ЎзА