Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида аҳоли ўртасида гимнастика спорт турлари оммавийлигини ошириш, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш тизимини такомиллаштириш, халқаро талаб ва стандартлар асосида профессионал спортчиларни тайёрлаш орқали миллий терма жамоаларимизнинг нуфузли мусобақаларда юқори натижаларга эришишини таъминлаш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.
Шу мақсадда ўтган давр мобайнида мамлакатимизда гимнастика спорт турлари бўйича қатор турнирлар, чемпионат ва амалий машғулотлар тизимли равишда ўтказиб келинмоқда.

Куни кеча пойтахтимиздаги Гимнастика марказида трамплиндан сакраш бўйича ўтказилган “Самодан баланд” турнири айни мақсадларга хизмат қилди.
Ёш спортчилар учун катта спорт байрамини туҳфа этган мусобақада Беларус, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг 150 нафарга яқин энг сара спортчилари ўз маҳоратларини намойиш этишди.
Халқаро майдонда ўзбек гимнастика мактабига қизиқишнинг ортиб бораётганини ва спорт алоқаларининг мустаҳкамланаётганини яна бир бор намойиш этган турнирнинг икки кунлик муросасиз баҳслар давомида томошабинлар истеъдодли трамплинчиларнинг ажойиб чиқишларига гувоҳ бўлишди.

“Самодан баланд” мусобақасининг муросасиз баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорлар медал, диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Т. Рўзиев, ЎзА