Озарбайжоннинг Габала шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммитида Президентимиз яна бир қатор муҳим ташаббус ва таклифларни илгари сурди.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов шу ҳақда муносабат билдирди:

– Мамлакат тараққиёти, ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги ҳамда сиёсий барқарорлигида халқаро ҳамкорлик, манфаатли ташқи сиёсат, иқтисодий интеграциялашув муҳим аҳамият касб этади.
Шу жиҳатдан, янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида ҳам минтақавий, ҳам глобал даражада ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бораётгани диққатга сазовор.
Зиддиятли даврда тинчликпарвар ташқи сиёсатни давом эттириш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, халқаро ва минтақавий ташкилотлардаги фаол иштирокни таъминлаш долзарб масала ҳисобланади.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистоннинг бугунги кундаги ташқи дунёга очиқлик сиёсати, айниқса Туркий давлатлар ташкилоти аъзолари билан олиб бораётган дўстона алоқалари эътирофга лойиқ.
Туркий давлатлар ташкилоти минтақавий ҳамкорлик, иқтисодий барқарорлик ва сиёсий мулоқот учун муҳим платформага айланди. Бу ташкилот нафақат аъзо давлатлар ўртасидаги маданий-тарихий бирлик ва мулоқотни кенгайтиришга, балки уларнинг халқаро майдондаги мавқеини оширишга, сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик тузилмасини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Қолаверса, анъанавий глобал тартиб-қоидалар ўзгарган бир вақтда, Туркий давлатлар ташкилоти жаҳон майдонида халқаро мажбуриятларни бажариш, минтақавий ишончсизликка қарши курашиш, турли сиёсий ва иқтисодий манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, Ғарб билан Шарқ ўртасидаги мувозанатни сақлашда геостратегик аҳамият касб этмоқда.
Шу билан бирга, минтақада энергия манбаларини диверсификация қилиш, Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида янги транспорт коридорларини яратиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, инвестициялар оқими ва туризмни ривожлантириш, таълим ва илм-фан ҳамкорлик йўналишларини кенгайтирмоқда.
Айниқса, кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг очиқлик сиёсати сабабли Ўзбекистон минтақада ишончли ва фаол иштирокчи сифатида шаклланди. Ташаббускор давлат сифатида ташкилот доирасидаги муҳим лойиҳаларни, хусусан, транспорт, энергетика, иқтисодиёт, инвестиция, таълим, туризм ва маданият соҳаларида муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Жумладан, 2019 - 2024 йиллар давомида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитларида Шавкат Мирзиёев кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 98 аниқ ташаббус ва таклифларни илгари сурди. Ҳозирга қадар улардан 67 таси амалга оширилди, 6 таси якуний босқичда. Энг муҳими, бу ташаббус ва таклифлар ташкилот нуфузини янада ошириш, давлатлар ўртасида ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш, ташкилотнинг халқаро майдондаги стратегик аҳамиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммитида Президентимиз яна бир қатор муҳим ташаббус ва таклифларни илгари сурди. Жумладан, юртбошимиз бўлиб ўтган саммитда Туркий давлатлар ташкилотини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди. Бу стратегиянинг ишлаб чиқилиши аъзо давлатлар ҳамкорлигининг аниқ дастурий йўналишини белгилаб беради ва уларнинг жавобгарлигини оширади ҳамда ташкилотнинг келажакдаги мaқсадли натижаларини аниқ кўриш имкониятини беради. Айниқса, мамлакатлардаги сиёсий лидерларнинг ўзгариши ҳам ҳамкорликнинг асосий йўналишларига таъсир қилмаслигига, ташкилотнинг узоқ муддатли манфаатларини кўзлаб ишларни давом эттиришга замин яратади.
Давлатимиз раҳбари саммитдаги нутқида Туркий инвестиция жамғармаси фаолиятини кенгайтиришни тавсия этди. Албатта, мазкур жамғарма фаолиятининг кенгайтирилиши миллий даражада бажарилиши қийин бўлган йирик ҳажмдаги лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради ва иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлайди.
Ушбу жамғарма ички ресурслардан самарали фойдаланиш ва ташқи ресурсларни жалб қилишнинг кучли тизимини яратишга ёрдам беради. Қолаверса, хусусий инвесторлар сармоясидан самарали фойдаланиш ички инвестиция воситалари орқали ташқи молия манбаларига бўлган боғлиқликни камайтиришга хизмат қилади.
Мухтасар айтганда, бугунги кунда янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Туркий давлатлар ташкилотининг аҳамияти ва ўрни тобора ортиб бормоқда. Юртбошимизнинг ташаббус ва таклифлари барча соҳаларни қамраб олгани ва аниқ амалий натижаларга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.
Бу ташаббус ва таклифлар ташкилот нуфузини янада ошириш, давлатлар ўртасида ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш, ташкилотнинг халқаро майдондаги стратегик аҳамиятини оширишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА