Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саммит якунлари бўйича Тошкент декларацияси қабул қилинди
19:07 / 2022-09-09

Тошкентдаги Халқаро конгресс холлда бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити якунига етди.

Унда БМТ, Парламентлараро иттифоқ ва унга аъзо мамлакатлар парламентлари палаталарининг аёл-спикерлари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси каби халқаро ташкилотлар раҳбарлари, 17 давлатдан 120 дан ортиқ парламент вакиллари иштирок этди.

Саммит якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева икки кунлик тадбир давомида турли мамлакатлар парламентлари раҳбарларининг долзарб чиқишлари, ўзаро тажриба алмашилгани жуда самарали бўлганини қайд этди.

Қизиқарли муҳокамалар давомида кўтарилган масалалар бўйича кўплаб амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди. Саммитнинг якуний ҳужжати – Тошкент декларацияси ишлаб чиқилди. Ҳужжатда мамлакатларнинг барқарор ривожланиши ва фаровонлигини таъминлаш, мавжуд рискларни баҳолаш ва уларни бартараф этишда гендер тенглигига йўналтирилган парламентни шакллантириш билан боғлиқ устувор вазифалар белгиланган.

Инқирозли вазиятларни ҳал этишда тенглик, адолат ва барқарорликка асосланган гендер масалаларига жавоб берадиган парламентни шакллантириш бўйича Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш зарурлигига эътибор қаратилди.

Аёлларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий ҳимояланмаган қатламига алоҳида эътибор қаратиш устувор вазифа бўлиб қолади.

Оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғи орқали хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, уларнинг шаъни ҳамда қадр-қимматини камситиш ва таъқиб қилиш билан боғлиқ салбий ҳолатларни бартараф этиш бўйича самарали чора-тадбирларни амалий қўллаш иштирокчиларнинг диққат марказида бўлади.

Парламентлараро иттифоқ раиси Дуарте Пачеко нуфузли тадбирнинг юқори савияда ўтганини, икки кун давомида долзарб масалалар кўтарилганини эътироф этди.

Глобал муаммолар ечимида парламентдаги аёллар ташаббус кўрсатаётгани диққатга сазовор. Чунки аёллар муаммолари ечимлари, гендер тенглик каби масалалар парламентлар орқали қонунларда акс этади. Қонун эса ижроси таъминланиши шарт бўлган ҳужжатдир.

Иштирокчилар гендер масалаларига йўналтирилган парламент дипломатиясини, ҳамкорликни ривожлантириш ва тинчликка эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларни фақат ушбу масалаларга йўналтирилган парламент бошқара олиши, бундай парламентсиз зарурий қонунларни қабул қилиш мумкин эмаслиги юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Саммит раҳбар аёллар ўртасида фикр алмашиш, рақамли маконда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини ва гендер тенгликни таъминлаш учун тартибга солиш усуллари ва тактикасини ишлаб чиқиш ёки қайта кўриб чиқиш учун ўзига хос платформа вазифасини ўтагани таъкидлаб ўтилди.

Саммит якунлари бўйича Тошкент декларацияси қабул қилинди.

Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА мухбири