English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саммит конструктив муносабатларнинг муҳим асоси
20:58 / 2023-03-05

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2 март куни Боку шаҳрида Қўшилмаслик ҳаракати мулоқот гуруҳининг саммитидаги маърузасида сўнгги йилларда инсоният пандемияга қарши курашиш, иқлим ўзгариши, табиий офатлар ҳамда техноген офатчиликларнинг оқибатларини ҳам ўз бошидан кечириб келаётганлиги билан боғлиқ хавфларни ҳам қайд этди.

– Бу муаммоларнинг кўлами тобора кенгайиб, улар нафақат айрим давлатлар, балки бутун бир минтақаларнинг хавфсизлиги ва барқарор тараққиёти учун жиддий хавф солмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев. Шу муносабат билан Ўзбекистон 2030 йилга қадар мўлжалланган Сендай ҳадли дастурининг асосий мақсадларига эришиш бўйича Глобал платформа фаолиятини янада кучайтириш тарафдори эканлигини таъкидлаб ўтди.  

– Яқин Шарқ минтақаси ва Афғонистонда узоқ вақтдан буён сақланиб қолаётган низоларнинг глобал ечими ҳанузгача топилгани йўқ, – деди Ўзбекистон етакчиси.

Шуларни эътиборга олиб, Қўшилмаслик ҳаракати терроризмнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашишнинг халқаро-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш бўйича ҳаракатларга етакчилик қилиши лозимлиги айтиб ўтилди. Бу Ҳаракатга аъзо барча давлатларнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида кўп томонлама ҳамкорлигини янада фаоллаштиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон раҳбари бу муаммолар борасида, халқаро кўламда натижали ечимга эришиш ва тизимли мувофиқлаштириш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда унинг ихтисослашган таркиблари албатта асосий вазифани бажариши лозимлигини кўрсатиб ўтди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ислоҳ қилиш жараёнида Хавфсизлик кенгаши таркибида Қўшилмаслик ҳаракати аъзоларининг доимий иштироки бўлиши кераклиги айтиб ўтилди.

Президентимиз глобал кун тартибидаги яна бир аҳамиятли мавзу – давом этиб келаётган иқтисодий инқирознинг оқибатларини юмшатиш масаласига ҳам эътибор қаратди.

– Озиқ-овқат маҳсулотлари, сув ва энергетика ресурсларининг тобора тақчил бўлиб бораётгани мамлакатларимиз ижтимоий-иқтисодий тизимлари учун жиддий синов бўлмоқда, – деди давлатимиз раҳбари. – Минг афсуски, бундай қийин вазиятда энг катта оғирлик ва салбий таъсир, аввало, айнан ривожланаётган давлатлар зиммасига тушмоқда.

Ўзаро амалий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма дастурлар ва катта лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг иқтисодий имкониятлар эшигини очиб бериш мақсадида Қўшилмаслик ҳаракати саммитларида Иқтисодий форумларни узлуксиз ўтказиб бориш таклиф қилинди. Бундай аҳамиятли тадбирлар, инновациялар, замонавий билим ҳамда илғор технологиялар алмашишни жадаллаштиришга, умуман олганда, тўртинчи саноат инқилоби, хусусан, “ақлли” иқтисодиётни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратишга хизмат қилади.  

Қ.Юсупов,  

Нaвoий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳузуридаги 

Нукус кончилик институти директорининг 

Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари  

ЎзА