Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самимиятга, одамийликка ошно ижодкор
12:28 / 2023-05-06

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида таниқли суҳандон, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Насиба Иброҳимова ижодига бағишланган маърифий учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева мамлакатимизда ижодкор зиёлиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи доимий эътиборда эканини таъкидлади.

Насиба Иброҳимованинг фаолияти телевидение соҳаси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, Ўзбекистон Миллий телевидениесининг шаклланиши, унинг илк пойдевори, имижида сухандоннинг ўрни беқиёс.  

Насиба Иброҳимова мактабда ўқиб юрган кезлариданоқ болаларга мўлжалланган турли радиоэшиттиришларда фаол қатнашиб юрар эди. Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультети)ни тамомлагач, Ўзбекистон телевидениесида диктор сифатида фаолият кўрсатади. Унинг тиниқ ва жарангдор овози телевидение, кино дубляжидан хабардор бўлган юртдошларимизга яхши таниш. Халқимизнинг севимли суҳандони 200 дан ортиқ бадиий ва ҳужжатли фильмларга овоз берган.

Ўтган йиллар давомида Насиба Иброҳимова  бир қатор давлат бошқарув идораларида самарали меҳнат қилди. Унинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти ЮНЕСКО томонидан чоп этилган "Аёллар ХХ  аср" (Женщина ХХ век) китобига киритилган. "Дўстлик" ордени, "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони билан тақдирланган.

Мулоқот давомида таниқли ижодкор ҳаёти, фаолияти хусусида батафсил сўз юритилди.

 

Назокат Усмонова,

ЎзА