Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида атоқли композитор, дирижёр, жамоат арбоби, давлат ва халқаро мукофотлар совриндори Мухтор Ашрафий таваллудининг 110 йиллигига бағишланган катта концерт дастури олдидан матбуот анжумани ўтказилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, пойтахтимиздаги устоз композитор номи билан юритилувчи уй-музейи ҳамкорлигида ташкил этилди.
Маълумки, жорий йилнинг 11 июнь куни устоз композитор Мухтор Ашрафий таваллудининг 110 йиллиги мамлакатимиз миқёсида кенг нишонланади.
Анжуманда Ўзбекистон халқ артисти Мухтор Ашрафийнинг серқирра ижодкор, ўзбек опера санъати асосчиларидан бири экани қайд этилди. У Ўзбек мусиқали театри, кейинчалик эса ўша даврда Алишер Навоий номидаги Ўзбек опера ва балет театри деб номланган ижодий жамоанинг бадиий раҳбари ва бош дирижёри, директори сифатида фаолият кўрсатган эди.
Устоз бастакор Тошкент консерваториясининг ўқитувчиси, профессори, ректори сифатида кўп йиллар самарали меҳнат қилди. Кейинчалик эса Мухтор Ашрафий Самарқанд опера ва балет театрининг директори, бадиий раҳбари ва бош дирижёри бўлиб фаолият кўрсатди. Маълумотларга кўра, унинг илк асари — “Содраш” марши Т.Содиқов ва Ш.Рамазонов билан ҳамкорликда юзага келган эди. Мухтор Ашрафий устози С.Василенко билан биргаликда илк ўзбек опералари “Бўрон” (К.Яшин либреттоси) ва “Буюк канал” (К.Яшин ва М.Раҳмонов либреттоси)ни яратган.
Мухтор Ашрафийнинг “Қаҳрамонлик”, “Ғолибларга шон-шарафлар” симфониялари, “Дилором” (К.Яшин ва М.Муҳамедов либреттоси), “Шоир қалби” (И.Султон либреттоси) опералари, “Севги тумори”, “Матонат”, “Муҳаббат ва қилич” балетлари, “Рустам ҳақида достон” ораторияси ўзбек мусиқа маданиятига қўшилган катта ҳисса бўлди.
Маълумотларга кўра, устоз композитор “Вақт таронаси” кантатаси, “Баҳор эли” , “Насриддин Бухорода” (Б.Арапов билан ҳамкорликда), “Опа-сингил Раҳмоновалар”, “Наташахоним”, “Кониют ғорининг сири”, “Семурғ”, “Ганг узра тонг” каби кинофильмларга мусиқа ёзган. Симфоник поэма ва сюиталар яратган. “Дилором” операси асосида биринчи ўзбек фильм-операси яратилди. Мухтор Ашрафий Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти ҳамда Жавоҳарлаъл Неру, Жамол Абдул Носир халқаро мукофотлари совриндори эди. Унинг кўплаб мусиқий асарлари ҳозиргача юртимиз театрлари саҳнасида янграмоқда.
– Мухтор Ашрафийнинг ижодий мероси бугунги кунда ҳам долзарбдир, – деди Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти ректори, профессор, бастакор Аваз Мансуров. – Ашрафий инсониятнинг энг беғубор туйғуларини ўз асарларида катта маҳорат билан акс эттирган композитордир. У мусиқа санъатининг барча жанрларида самарали ижод қилган. Композиторнинг асарлари театр, бадиий жамоаларда ижро этилиши билан бирга, мусиқий таълимнинг барча босқичларида ўқув дастурларига киритилган.
Концерт дастурларида мусиқа ихлосмандлари бу асарлардан баҳра олмоқда. Яна бир жиҳати – Мухтор Ашрафий устоз, педагог сифатида ҳам бир қатор маҳоратли дирижёрларни камолга етказишда муносиб ҳисса қўшган. Биринчи ўзбек дирижёри Дилбар Абдураҳмонова, Элдор Азимов, Фазлиддин Ёқубжонов ва бошқалар Мухтор Ашрафий дирижёрлик мактабининг давомчиларидир. Шу билан бирга устоз жамоат арбоби сифатида ҳам самарали фаолият кўрсатган У юртимиздаги икки опера театри – Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги театрларга директор, бадиий раҳбар бўлган эди. Ўзбекистон давлат консерваториясига ректорлик қилган. Бир сўз билан айтганда бугунги мусиқа санъатимиз равнақида унинг хизматлари беқиёсдир.
Матбуот анжуманида Мухтор Ашрафийнинг 110 йиллик таваллуд санаси муносабати билан ўтказиладиган тадбирлар, концертлар хусусида батафсил маълумотлар берилди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири