Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самимий туйғулар оҳанги
10:21 / 2024-01-20

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилоят бўлими ва Абдулла Қодирий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида “Болаликда бир кун”, “Янги ҳаёт остонасида”, “Турмуш тасодифлари”, “Юрак билан суҳбат” номли муаллифлик эшиттиришлари билан тингловчилар қалбини забт этган, ижодий асарлари “Навоий гулшани”, “Туташ туйғулар” тўпламларига киритилган журналист, Навоий вилоят телерадиокомпанияси радио гуруҳи мухбири Гуландом Юнусованинг “Кўзларимга қайтсам...” деб номланган илк китоби тақдимоти ўтказилди.

Тақдимот маросимида навоийлик шоир ва ёзувчилар, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолари, ижодкорнинг яқинлари, китобхонлар ва талаба-ёшлар, ҳарбий қисм аскарлари иштирок этди.

– Гуландом Юнусованинг ижоди билан анча йиллардан буён танишман, -дейди ижодкор Раъно Раббимова – Шоиранинг инсонийлик, ватанпарварлик туйғулари билан йўғрилган шеърларидаги ташбеҳлар оҳангдорлиги, юракка яқинлиги билан китобхон қалбидан чуқур жой олишига ишонаман. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, ушбу китобдан ўрин олган қатралар, ҳикоялар яхшилик, бағрикенглик, тўғрисўзлик, дўстлик, сахийлик, меҳр-оқибат каби миллий ва умуминсоний қадриятларга боғлиқ бугунги кун мавзусини қамраб олгани билан ўқувчини маънавий баркамолликка ундайди.  

Тадбирда Гуландом Юнусованинг китобидан ўрин олган она меҳри, Ватан туйғуси, юртни, туғилиб ўсган тупроқни авайлаш ғоялари мужассам бўлган ижодий фаолияти, шеър ва шеърият ҳақида Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси аъзолари – Ғулом Султонов, Жамолиддин Аҳтамов, Достон Мавлонов, Зебо Жияновалар илиқ фикрлар билдирди.

[gallery-15551]

Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА