Самарқанд давлат университетининг 15 нафар талабаси 2022-2023 ўқув йили учун Давлат ва Президент стипендиялари совриндори бўлди, дея хабар қилади Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати.
"Бугунги кунда "Жабрланувчи психологияси" мавзусида психология кафедраси катта ўқитувчиси Ворис Аҳроров илмий раҳбарлигида тадқиқот олиб бормоқдаман. Айни пайтгача илмий тадқиқот натижасида 17 та мақолам халқаро журнал ва конференция тўпламларида нашр этилган. Бунда домлаларим кўрсатган йўл ва берган маслаҳатларининг ўрни беқиёс. Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати» мавзусидаги Республика илмий-амалий анжуманида «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг инсонпарварлик ва психологик моҳияти» номли мақолам билан иштирок этиб, Конституцияни ўқитишнинг педагогик ва психологик хусусиятлари шўбасида ғолибликни қўлга киритдим. Айни пайтда юридик психологияга оид қўлланмам нашр этишга тайёр. Қўлга киритган натижаларим сабаб, Президент стипендияси соҳиби бўлдим. Бу мен учун унутилмас кунга айланди", дейди СамДУ Психология ва ижтимоий-сиёсий фанлар факультети талабаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендианти Азиза Қурбонова.
"Мен учун олтин давримнинг олтин кунларини ўтказмоқдаман. Шу кунга қадар 10 дан ортиқ мақолаларим республика ва халқаро нашрларда эълон қилинган. «Ёшлик сатрлари», «Рангин туйғулар» каби шеърий тўпламларим чоп этилган. Қолаверса, Бельгия, Россия, Туркия, Индонезия каби давлатларда илмий конференцияларда иштирок этганман. Албатта, буларнинг замирида илмий раҳбарим СамДУ Истиқлол даври адабиёти ва адабиётшунослик назарияси кафедраси доценти Дилафрўз Жабборованинг хизматлари беқиёс. Айни вақтда устозим билан биргаликда «Эшқобил Шукур ва Вафо Файзуллоҳ ижодида 80-90 йил қарашлари» мавзусида илмий тадқиқотлар олиб бормоқдаман. Стипендия соҳиби бўлганлигим сабаб магистратурага йўл очилди. Келажакда магистратура босқичини ҳам Самарқанд давлат университетида давом эттирмоқчиман", дейди СамДУ Филология факультети талабаси, Навоий номли давлат стипендияси соҳиби Муяссар Мустафоева.
"Икки фарзанднинг онасиман. Ўғлим ҳарбий соҳада фаолият юритади. Қизим эса, илм-фанга қизиқади. Шу сабаб, Самарқанд давлат университетига ўқишга кирди. Икки йил стипендиант бўлиш учун ҳаракат қилди. Бугун орзу-ҳаваслари ҳақиқатга айланди. Навоий номли давлат стипендияси соҳиби бўлди. Кеча Президент Мурожаатномасида энг асосий урғу таълимга ва унинг сифатига қаратилди. Самарқанд давлат университети мен учун энг юқори сифатли таълим берадиган даргоҳ. Қизимнинг бу ерда ўқиётганлигидан фахрланаман", СамДУ Мактабгача ва бошланғич таълим факультети талабаси, Навоий номли давлат стипендияси соҳиби Севиля Бадалованинг онаси Роҳила Ибрагимова.
Дарҳақиқат, илм йўлида муносиб рағбат топаётган талабаларга бу эътибор янада шижоат бағишлаши шубҳасиз.
ЎзА