Самарқанд давлат университети халқаро таълим дастурлари факультетининг 12 нафар талабаси 2+2 дастури асосида Жанубий Кореянинг Сунчонхян университетига таълим олишга юборилмоқда.
Ушбу талабалар икки йил давомида университетда инглиз ва корейс тилларини чуқур ўрганди.
– Ўзбекистондаги очиқлик сиёсати биз талабалар учун дунёни билиш ва келажагимизни эркин белгилаш имкониятини берди. Президентимиз ташаббуси билан СамДУда Корея маданият маркази очилгани, Кореядан ўқитувчилар таклиф этилиши корейс тилини мукаммал ўрганишимизга кенг йўл очди. Яратилган шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда, Жанубий Кореяда ўқиш имкониятини қўлга киритдик, – дейди СамДУ халқаро таълим дастурлари факультети 2-курс талабаси Азиза Тинишева.
– Факультетимиз биз, ёшларга дунёга чиқишимиз учун поғона вазифасини ўтамоқда, – дейди СамДУ халқаро таълим дастурлари факультети 2-курс талабаси Сабоҳат Умарова. – Мен ҳам икки йил давомида инглиз ва корейс тилларини қунт билан ўргандим. Натижада Сунчонхян университетида ўқишни давом эттириш арафасидаман. Бунинг учун ўқитувчиларимга, шахсан СамДУ ректори Рустам Холмуродовга миннатдорлик билдираман. Биз хорижда ҳам юртимиз номига муносиб бўламиз. Мақсадим – Ўзбекистон тараққиётига ўз ҳиссамни қўшиш.
Маълумот учун: Самарқанд давлат университети халқаро таълим дастурлари факультетининг яна бир гуруҳ талабаларини сентябрь ойида ўқишни давом эттириш учун Россия Федерациясига юбориш режалаштирилган.
Отабек Саъдуллаев,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов (сурат)ЎзА