Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
СамДУда Массачусетс технология институти тажрибаси жорий этилади
12:59 / 2022-06-07

Самарқанд давлат университети доценти Акмал Сафаров - университетдаги Халқаро Атом энергетикаси агентлиги (МАГАТЭ) томонидан молиялаштирилаётган грантраҳбари. Мазкур лойиҳа доирасида ядро физикаси йўналишида 3 та янги - ядро реакторларининг физик асослари, ядро электроникаси, дозиметрия ва радиоэкология фан дастурлари яратилади.

Ҳозир айни мақсадда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, хориждан керакли лаборатория жиҳозлари олиб келиниб, чет эллик мутахассислар иштирокида семинар-тренинглар ўтказилмоқда. Шунингдек, режага кўра, СамДу профессор-ўқитувчиларининг дунёнинг етакчи олий таълим муассасалари ва лабораторияларида стажировка ўташи ҳам белгиланган.

Физика-математика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Акмал Сафаров шу кунларда мазкур грант доирасида дунёнинг етакчи олий ўқув юртларидан бири - АҚШ Массачусетс технология институтида стажировка ўтамоқда. 2021 йил давомида “Scopus” базасидаги журналларда 5 та мақола чоп эттирган олимнинг “h” индекси - 4.

- Мақсадим - ядро реакторларининг физик асоси бўйича Массачусетсда мавжуд материаллар билан танишиш, йўналишни мукаммал ўрганиш ва Самарқанддаги лабораторияда татбиқ этиш, - дейди Акмал Сафаров. – Бу ерда реакторларни моделлаштиришга қаратилган янги, дунё бўйича соҳадаги энг сўнгги моделлардан бири - “OpenMC” дастури мавжуд. 

Айни пайт ушбу дастурни ўрганиб, СамДУда очиладиган Ядро реакторлари лабораториясида  жорий этиш устида ишлаяпмиз. Мазкур дастур ёрдамида бакалавр ва магистратура босқичи талабалари янги лаборатория иши яратишлари, докторантлар эса ядро реакторларини моделлаштиришга қаратилган диссертация иши устида илмий иш олиб боришлари ҳам мумкин. 

Бунинг учун талабаларимиз инглиз тилини ва “Python” дастурлаш тизимини мукаммал билишлари талаб этилади. Яна бир қизиқарли ва фойдали маълумот: “OpenMC” дастури ядро реакторларини суперкомпьютер (кластер)да моделлаштириш имконини беради ва бу жараён мутлақо бепул.

Отабек Саъдуллаев, 

СамДУ ахборот хизмати ходими