Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
СамДУ халқаро академиклар форумига мезбонлик қилди
21:54 / 2024-09-16

Самарқанд давлат университетида “Яшил энергиянинг барқарор ривожланишини жадаллаштириш, олий таълимнинг глобаллашувига кўмаклашиш” мавзусида халқаро академиклар форуми бўлиб ўтди.

СамДУ ва Хитойнинг Циан Жиатонг университети ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу нуфузли анжуманни олийгоҳ ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очди. 

Тадбирда, шунингдек олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Отабек Маҳкамов, энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов, рақамли технологиялар вазири ўринбосари Олимжон Умаровлар ҳам чиқиш қилиб, фикр-мулоҳазаларини билдирди. 

Йиғилиш мақсади - илмий тадқиқотлар ва замонавий технологияларни қўллаш орқали иқлим ўзгариши, аҳоли тез ўсиши ва қашшоқлик билан курашиш каби долзарб муаммоларга ечим топишдир.  

Тадбир иштирокчилари “яшил энергия”дан самарали фойдаланиш, таълим ва фан соҳасида кадрларни тайёрлашни такомиллаштириш бўйича таклифларини илгари сурди.  

Академиклар форуми Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги илмий ҳамкорликнинг ривожида муҳим босқич – тадқиқот ва инновацион ечимлар учун янги қадам бўлди.  

Тадбир кун тартибида “яшил энергия” ривожи, экологик барқарорлик, глобал ва минтақавий муаммоларга қарши самарали ечимлар ишлаб чиқиш каби масалалар ўрин олди.

Анжуманда академиклар назарий концептларни муҳокама қилиш билан бирга қурғоқчилик, иқлим ўзгариши ва минтақанинг ижтимоий-иқтисодий трансформацияси каби долзарб муаммоларни ҳал қилиш учун амалий ечимларни ҳам муҳокама қилди.  

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, ўндан зиёд физик, математик, биолог олимлар ва нуфузли академиклар қатнашган тадбирда Хитойнинг Циан Жиатонг университети президенти, академик Чжан Ликун, Циан транспорт университети электроника ва ахборот муҳандислиги факультети декани, академик Гуан Хиаоҳун, Қирғизистон Республикаси Миллий Фанлар Академияси академиги, Халқаро космонавтика академиясининг академиги Асилбек Айдарлиев, Қирғизистон Миллий фанлар академиясининг хорижий аъзоси Канатбек Азиз, Қозоғистон Миллий университети Ал-Фароби номидаги томир патологияси институти директори, профессор Орабай Дарменов, ЎзРФА академиклари Қодир Ғуломов, Муҳсинжон Ашуров, Қаҳрамон Аллаев, Садриддин Туробжонов, Саидаҳмад Лақаевлар ҳам бор.  

Б.Худойбердиев, ЎзА