Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
СамДУ ва Памуққалъа университети ҳамкорлик қилади
10:10 / 2022-08-30

Самарқанд давлат университетига Туркиянинг Памуққалъа университети ректори Аҳмет Қутлухон бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Мартабали меҳмонларни халқаро ҳамкорлик бўйича проректор Акмал Аҳатов ва Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти директори Тошпўлат Ражабов қабул қилди.

Мазкур ташрифдан кўзланган асосий мақсад ҳамкорлик доирасида Эрасмус дастури бўйича талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек, агробиотехнология, аграр, уруғчилик генетикаси соҳаларини ривожлантириш мақсадида доимий ҳамкорлик қилишдан иборат.

– 1992 йил қайтадан ташкил этилган Памуққалъа университети кўп йиллик тарихга эга, қадимий таълим маскани, – деди профессор Аҳмет Қутлухон. – Асосан, қишлоқ хўжалигига йўналтирилган ўқув юртимизда 20 факультет бўлиб, 45 минг талаба таҳсил олади, 38 тадқиқот маркази ва 256 лаборатория мавжуд. Бундан ташқари университет таркибида 6 институт, 17 касб-ҳунар мактаби фаолият кўрсатиб келмоқда. Тиббиёт, аграр, уруғчилик, муҳандислик, иқтисодиёт, табиий ва ижтимоий фанлар, санъат, педагогика, техника каби турли йўналишларда 90 дан ортиқ бакалавриат, 150 дан зиёд магистратура, ва 50 дан ортиқ докторантура дастурлари амалда. Бундан буён СамДУ билан биргаликда юқорида санаб ўтилган соҳалар учун етук мутахассислар тайёрлаймиз. Айниқса, уруғчилик генетикаси бўйича сўнгги русумдаги замонавий технология асосида ишлайдиган лабораторияларимизда ҳамкорликда кўплаб янги, серҳосил уруғ навлари яратишимизга ишонаман.

Учрашув сўнгида Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчиларини тажриба алмашиш учун Памуққалъа университетига юбориш бўйича келишувга эришилди.

       

Беҳруз ШАМСИДДИНОВ,

СамДУ ахборот хизмати ходими,

Шавкат АКРАМОВ (сурат)