Самарқанд давлат университетида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари доктори, профессор Ҳотам Умуровнинг 80 йиллигига бағишланган “Адабиёт назариясининг долзарб муаммолари” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
СамДУ ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси, профессор Рустам Холмуродов юбилярни табрикларкан, Самарқанд адабий муҳитини Ҳотам Умуровсиз тасаввур қилиб бўлмаслигини, олим дорилфунун илмий-ижодий муҳитини шакллантиришга беқиёс ҳисса қўшганини таъкидлади.
Шундан сўнг вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Хуршид Очилов вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг Ҳотам Умуровга табригини ўқиб эшиттирди, эсдалик совғаларини топширди.
Сўз санъати тарихи ва назарияси билимдони Ҳотам Умуровни таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул, ёзувчи Улуғбек Ҳамдам қутлади.
- Устоз Ҳотам Умуров – Самарқанд давлат университетининг ҳақиқий жонкуяр, қаттиққўл, талабчан ўқитувчиси, ёшларнинг энг яқин маслаҳатгўйи, - деди филология факультети декани, профессор Азамат Пардаев. - Муаллим илмий фаолияти давомида 10 дан ортиқ фан номзоди, 3 нафар фан доктори тарбиялади. Уч дарслик, 100 га яқин монография, ўқув қўлланмалари, рисола, ўқув-услубий тавсия, адабий-танқидий мақолалар тўпламларини эълон қилган. Жами илмий ишлари сони 500 дан ошади. Ҳамон сафимизда бўлган, илм-фан тараққиёти йўлида заҳмат чекаётган устозимизга сиҳат-саломатлик, янги ижодий марралар тилайман.
Анжуман танланган мавзу доирасида фикр алмашиш руҳида, муҳокама, мунозара шаклида, қизиқарли мулоқотга бой тарзда давом этди.
ЎзА