Куни кеча Италиянинг Тушиа давлат университети ректори Стефано Убертини бошчилигидаги делегация Самарқанд давлат университетига ташриф буюрди.
Меҳмонлар билан университетнинг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Ахатов учрашди. Мулоқотда СамДУда Италия таълим марказини очиш, бакалавриат ва магистратурада қўшма таълим дастурларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ўзаро суҳбат давомида профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, “ёзги мактаб” каби қисқа муддатли курсларни ташкил қилиш режалаштирилди. Ҳамкорликда долзарб мавзудаги илмий тадқиқот ишларини олиб бориш ва кенг кўламли лойиҳалар ишлаб чиқиш масалалари бўйича фикрлар алмашилди.
Қувонарли жиҳати, жорий йилнинг июнь ойида Самарқанд давлат университетида“Тушиа кунлари”ни ўтказиш, талабалар алмашинуви дастурларини йўлга қўйиш ҳамда қўшма таълим дастурларини очишга келишилди.
Учрашув сўнгида икки олийгоҳ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Дарвоқе, Италиянинг мазкур университети “Times Нigher Education” халқаро рейтингида 601-ўринда туради. Шу билан бирга, агробиотехнологиялар, мева ва узумчилик, иқлим ўзгариши ва ўрмончилик каби соҳаларда етакчи илм даргоҳи ҳисобланади.
ЎзА