Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 12-14 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган самбо бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатини юқори даражада ташкил этиш борасида қизғин тайёргарлик ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, самбо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари мукофот жамғармаси 231 минг доллар бўлган жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этиш учун Чирчиқ шаҳрида ташкил этилаётган ўқув-машғулот йиғинини Украина ва Тожикистон терма жамоалари аъзолари билан биргаликда ўтказмоқда.
Сир эмаски, дунёнинг энг нуфузли мусобақасида юқори натижаларга эришишда нафақат жисмоний, балки руҳий тайёргарлик ҳам катта аҳамият касб этади. Чемпионатда кўзлаган натижаларга эришишни инобатга олган Ўзбекистон самбо ассоциацияси мутасаддилари ушбу ўқув-машғулот давомида самбочиларимиз учун турли маданий тадбирлар ташкил этиш билан бирга, қизиқарли давра суҳбатлари ҳам уюштирмоқда.
Ўзбекистон самбо ассоциацияси матбуот хизматининг хабарига кўра, куни кеча ана шундай суҳбатлардан бири психолог, профессор Зоҳид Гаппаров билан бўлиб ўтди. Унда мутахассис спортчиларга руҳий тайёргарликнинг аҳамияти, мусобақа жараёнида жисмоний ва ақл курашини жамлай олиш, мураккаб беллашувда депрессиядан чиқиб кетиш, рақиб билан руҳий курашда устунликка эришиш борасида маъруза ўқилди.
Ўз навбатида, жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган самбочиларимиз ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан саволлар билан мурожаат қилди.
Т. Рўзиев, ЎзА