Буюк Ипак йўли нафақат қимматбаҳо тошлар, ипак матолар ёки ноёб зираворлар, балки цивилизациялар ўртасидаги ғоялар, билимлар ва энг юксак маданият намуналари алмашинувининг буюк тимсолидир.
VII асрда қадимги Самарқанддан Хитойнинг қудратли Тан империяси саройига юборилган олтин ва кумушранг шафтолилар қиссаси бунинг ёрқин далилларидан биридир. Бу воқеа шунчаки дипломатик совға алмашиш эмас, балки аждодларимизнинг боғдорчилик санъатидаги юксак маҳорати, табиат инъомини санъат даражасига кўтариш қобилиятининг намоёни эди.
Америкалик олим Эдуард Шефер ўзининг “Самарқанднинг олтин шафтолилари” номли асарида келтиришича, бу ноёб мевалар Хитой пойтахти Чанъанга олиб келингач, уларнинг гўзаллиги ва таъми императорни шунчалар ҳайратга солганки, уларни оддий боғларда эмас, балки фақат ҳукмдор учун мўлжалланган, энг сара ва нодир ўсимликлар ўстириладиган махсус “Тақиқланган боғ”да экиш ҳақида фармон берган.
Бу боғ оддий боғ эмасди. У пойтахтнинг шимолида, Вэй дарёсига яқин жойда жойлашган бўлиб, майдони 120 ли (қадимги хитой ўлчов бирлиги, тахминан 60 км)ни ташкил этган. Бу улкан ҳудудда нафақат Хитой, балки бутун дунёдан келтирилган энг ноёб қушлар, ҳайвонлар, сабзавотлар ва мевалар парвариш қилинган. Самарқанддан келтирилган олтин шафтолиларнинг айнан шу боққа экилиши уларнинг нақадар юксак қадрланганидан далолат беради.
Бу мевалар шунчаки озуқа эмас, балки сарой зодагонлари учун ҳашамат, юксак мартаба ва гўзаллик рамзига айланган. Улар император боғларининг энг қимматбаҳо безаги, Самарқанд заминининг саховати ва боғдорчилик илмининг чўққиси сифатида эъзозланган. Айнан шу боғ бутун империя учун ноёб ўсимликларни тарқатувчи асосий манба вазифасини ҳам ўтаган. Масалан, 740 йилда император Сюань-цзун пойтахт кўчалари ва хиёбонларини мевали дарахтлар билан безаш ҳақида фармон чиқарганда, катта эҳтимол билан бу кўчатларнинг бир қисми ўша машҳур “Тақиқланган боғ”дан, яъни Самарқанд шафтолилари ўсаётган муҳташам боғдан олинган эди.
Қизиғи шундаки, Самарқанддан келтирилган бу ноёб меваларнинг шон-шуҳрати маҳаллий боғбонлар орасида ҳам янги афсоналар ва изланишлар тўлқинини келтириб чиқарган. Хитой манбаларида “Туябоқар Го” лақабли, асл исми номаълум бўлган афсонавий боғбон ҳақида ҳикоялар сақланиб қолган. У ўзининг ғайриоддий усуллари билан танилган бўлиб, пойтахтнинг энг бадавлат ва аслзода кишилари унинг хизматидан фойдаланишга интилган. Айнан шу боғбон номи билан боғлиқ “Дарахт экиш китоби”да шафтоли шохини хурмо дарахтига пайванд қилиш орқали олтинранг шафтоли етиштириш мумкинлиги ҳақида ёзилган. Гарчи замонавий тадқиқотлар бу китоб кейинроқ, Юань сулоласи даврида ёзилганини кўрсатса-да, унинг афсонавий “Туябоқар Го” номи билан боғланиши Самарқанд олтин шафтолиларининг маҳаллий маданиятга қанчалик чуқур таъсир ўтказганидан далолат беради. Бу, ўз навбатида, аждодларимизнинг биргина ютуғи бутун бир империяда янги афсоналар, янги билимларнинг пайдо бўлишига туртки бўлганини кўрсатади.
Самарқанд шафтолиларининг Тан саройига кириб бориши ўша даврдаги ўсимликларни узоқ масофаларга ташиш ва сақлаш борасидаги юксак технологиялар ҳақида ҳам муҳим маълумотларни беради. Масалан, Суй сулоласи давридаёқ Сичуандан пойтахтга мандаринларни поясини мум билан беркитилган ҳолда олиб келишган. XI асрда эса Лояннинг энг нозик гуллари – пионларни илдизини нам барглар билан ўраб, бамбук саватчаларда от устида силкинмайдиган қилиб пойтахтга етказишган. Бу усуллар Тан даврида ҳам кенг қўллангани шубҳасиз. Шунингдек, меваларни қоғозга ўраб ташиш амалиёти ҳам мавжуд бўлган. Буларнинг бари Самарқанднинг олтин шафтолилари каби нозик ва қимматбаҳо неъматларнинг узоқ йўл давомида ўз сифати ва кўринишини йўқотмасдан император дастурхонига етиб боришини таъминлаган мураккаб тизим мавжудлигини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, Самарқанднинг олтин шафтолилари қиссаси – бу нафақат мевалар ҳақидаги ҳикоя. Бу – аждодларимизнинг юксак боғдорчилик маданияти, табиат қонуниятларини чуқур тушуниши ва бу билимларни амалиётга татбиқ эта олиш қобилиятининг тарихий исботидир. Бу воқеа аждодларимизнинг нафақат жанг майдонларида ёки илм-фанда, балки оддийгина боғдорчиликда ҳам бутун бир империяни ҳайратга сола оладиган даражада бунёдкор ва кашфиётчи бўлганини намоён этади. Уларнинг мероси бугунги кунда ҳам ҳар соҳада юксакликка интилиш, ўз ишининг устаси бўлиш ва бутун дунёни ҳайратга соладиган натижаларга эришиш мумкинлигига ёрқин ибратдир.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА