Самарқанд шаҳридаги ҳунармандлар марказида “Ишбилармон аёл – 2025” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг истиқболли лойиҳаларидан бири бўлган мазкур танлов 2016 йилдан буён Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ўтказиб келинмоқда. Бу йилги танловнинг вилоят босқичида туман ва шаҳар босқичида ғолиб бўлган 14 нафар ишбилармон хотин-қиз иштирок этиб, ўз соҳасида эришган ютуқлари ва тажрибаларини намойиш қилди.
Тадбир аввалида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зебинисо Раҳмонова ҳамда ЎзЛиДеП Самарқанд вилоят кенгаши раиси Илҳом Ботиров ушбу танлов орқали юзлаб тадбиркор аёллар ўз фаолиятларини кенгайтириб, юртимизнинг таниқли ишбилармонларига айлангани, ёш тадбиркорлар учун эса тажриба ўрганиш мактаби бўлганини таъкидлади.
[gallery-24924]
– Ўн йил мобайнида 2 минг нафардан зиёд самарқандлик хотин-қизлар “Ишбилармон аёл” танловида иштирок этди, – дейди Илҳом Ботиров. – Уларнинг 95 нафари вилоят босқичида ғолиб ва совриндор бўлди, 11 нафари республика босқичида фахрли ўринларни эгаллади. Жорий йилги танловда вилоятнинг 740 нафардан зиёд ишбилармон хотин-қизлари кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик ва бошқа йўналишларда эришган ютуқлари билан иштирок этди.
Қўшработлик Зебинисо Абдураззоқова танловда биринчи ўринни эгаллади. Ургутлик тикувчи Муқаддам Жабборова ҳамда тойлоқлик фермер Мавлуда Ҳайдарова кейинги совринли ўринлар насиб этди.
– Ўн беш йилдан буён қандолотчилик билан шуғулланаман, – дейди Зебинисо Абдураззоқова. – Уйимизда цех ташкил қилганмиз. 10 нафар доимий ишчимиз бор. Эҳтиёждан келиб чиқиб ёлланма ишчилар ҳам оламиз. Маҳсулотларимиз доимий харидорларига эга. Фаолиятим давомида 100 нафардан зиёд шогирд тайёрлаганман. Ҳозир ҳам ёшларга ширинлик ва турли пишириқлар тайёрлашни ўргатяпман.
Танловда шунингдек, қатнашчилар бир қатор номинациялар бўйича рағбатлантирилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири