Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандни мафтун этган созанда
08:02 / 2025-10-29

Амир Темур ва темурийлар даври ҳақида сўз кетганда, кўз олдимизга аввало улкан қурилишлар, илм-фан ривожи ва адабиётнинг гуллаган даври келади. Аммо бу давр маданиятининг яна бир муҳим, бироқ кўпинча эътибордан четда қоладиган қирраси бор – бу мусиқа санъатидир.

Темурийлар саройларида мусиқа нафақат кўнгилочар восита, балки давлат мафкурасининг, салтанат ҳашаматининг ва юксак маданиятнинг ажралмас қисми ҳисобланган. Бунинг энг ёрқин исботи эса ўз даврининг мусиқа оламидаги буюк даҳоси – Хожа Низомиддин Абдуқодир Ғайбий Бағдодийнинг (кўпроқ Абдуқодир Мароғий ёки Абдуқодир Гўянда номи билан машҳур) тақдиридир. 

Фасиҳ Хавофий ўзининг “Мужмали Фасиҳий” асарида Абдуқодир Гўяндани шунчаки созанда деб атамайди. У тарихчига хос аниқлик билан бу шахснининг бир неча қирраларини очиб беради. У Абдуқодирни “ажойиб шоир ва хаттот, чуқур илм эгаси, “Ашула ва оҳанг” асари муаллифи” ва энг муҳими, “мусиқа фани машъали” дея таърифлайди. Бу таърифнинг ўзиёқ Абдуқодирнинг ўз замонаси учун нақадар улкан шахсият бўлганини кўрсатади. У нафақат моҳир ижрочи, балки мусиқа назариясини мукаммал билган олим, янги оҳанглар яратган бастакор ва мусиқа ҳақида рисолалар битган мутафаккир ҳам эди.

Асарнинг энг қимматли маълумотларидан бири шундаки, Фасиҳ Хавофий Абдуқодир Гўянданинг Бағдоддан Самарқандга кўчиб келган аниқ санасини келтиради – ҳижрий 795 йил (милодий 1392 – 1393 йиллар). Бу сана тарихий адабиётлардаги кўплаб тахминларга нуқта қўяди. Айнан шу йили Амир Темур Ироқни забт этиб, жалоирий султон Аҳмадни Бағдоддан қувиб чиқарган эди. Бу воқеа Соҳибқироннинг давлатчилик фалсафасини яна бир бор намоён этади. У забт этилган ҳудудларнинг бойликларинигина эмас, энг аввало, унинг “инсоний капитали”ни – энг моҳир усталар, энг билимдон олимлар ва энг истеъдодли санъаткорларни ўз пойтахти Самарқандга тўплашни мақсад қилган. Абдуқодир Мароғийнинг Самарқандга олиб келиниши – маданий инвестиция эди.

Абдуқодир Гўянда Самарқандга келгач, темурийлар саройининг мусиқий ҳаётида инқилоб ясади. Унинг ижоди ва назарий билимлари Самарқанд мусиқа мактабига улкан таъсир кўрсатди. Унинг шогирдлари кейинчалик бутун Шарқ мусиқаси ривожига ҳисса қўшдилар. Унинг “Оҳанглар мақсадлари”, “Оҳанглар тўплами” каби рисолалари асрлар давомида мусиқашунослар учун асосий қўлланма бўлиб хизмат қилди. У ўн икки мақом тизимини назарий жиҳатдан асослаб, уни такомиллаштирди. Бугунги кундаги анъанавий мусиқамиз илдизлари ҳам, маълум маънода, айнан Абдуқодир Мароғий ва унинг Самарқанддаги фаолиятига бориб тақалади.

Фасиҳ Хавофийнинг қисқа, аммо мазмундор қайдлари туфайли биз Амир Темур сиймосининг яна бир қиррасини кашф этамиз. У нафақат буюк саркарда ва давлат арбоби, балки санъатнинг, хусусан, мусиқанинг қадрига етадиган нозиктаъб инсон ҳам бўлган. Ўз даврининг энг буюк мусиқачисини пойтахтига таклиф қилиши унинг маданият орқали салтанат қудратини мустаҳкамлашга интилганидан далолат беради. Абдуқодир Мароғийнинг тақдири эса аждодларимиз учун санъат нафақат вақтичоғлик, балки цивилизациянинг юксаклигини белгиловчи муҳим мезон бўлганини яққол кўрсатиб туради.

Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА