Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандликлар коммунал хизматлар сифатидан норозими?
12:14 / 2022-01-22

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири М.Турдиев кеча халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида 2021 йил давомида вилоятдаги секторлар ва ташкилотлар раҳбарларининг аҳоли мурожаатлари ва муаммолари билан ишлаши ҳолати юзасидан берган ахборотида қайд этишича, ўтган йил давомида Самарқанд вилояти аҳолиси томонидан газ, электр энергияси ва сув таъминоти масаласида 2698 та мурожаат келиб тушган.

 Бу Халқ қабулхоналарига мурожаатларнинг энг кўп қисмидир.

– Биргина 2021 йил 20 декабрдан 2022 йил 5 январга қадар газ таъминоти масаласида 489 та, электр энергияси таъминоти бўйича 479 та ва ичимлик суви таъминоти юзасидан 83 та мурожат келиб тушганлиги ачинарли ҳолатдир, – деди М.Турдиев. – Бу масалада тегишли ташкилот раҳбарларининг ҳисоботларини тинглаш лозим бўлади. Самарқанд вилояти бундай мурожаатлар сони бўйича республикада энг юқори кўрсаткичда турибди.

Ахборотда келтирилишича, 2021 йил давомида вилоят, шаҳар ва туманлардаги Халқ қабулхоналарига жами 22 минг 540 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 2020 йилга нисбатан 5327 тага (22,5 фоиз) кўпайган. 

Жумладан, Самарқанд шаҳридан 1662 нафар, Самарқанд туманидан 394 нафар, Ургутдан 283 нафар, Пастдарғом туманидан 210 нафар фуқаро мурожаат қилган. Бу мурожаатлар орасида коммунал соҳадан кейинг энг кўпи (2106 та) моддий ёрдам олиш, алимент ундириш (1709 та), иш билан таъминлаш (1622 та), уй-жой ва ер билан таъминлаш (1163 та)га доир бўлди. Шунингдек, ички ишлар фаолияти билан боғлиқ 1170 та, прокуратура фаолиятига оид 1088 та мурожаат тушган.

Самарқанд вилояти туман ва шаҳар сектор раҳбарлари томонидан 2021 йил давомида 2149 та сайёр оммавий қабуллар ўтказилган. Қабулларда 20574 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, 11474 таси ижобий ҳал қилинган, 9054 тасига тушунтиришлар берилган. Мурожаатлар билан ишлашда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан мутасадди ташкилотлар ходимларига тегишли чоралар кўрилишини таъминлаш борасида Халқ қабулхоналари томонидан чиқарилган таклиф ва тақдимномаларга асосан 201 нафар мансабдор шахсга нисбатан таъсир чоралари кўрилган.

Ғ.ҲАСАНОВ, 
ЎзА