Самарқанд шаҳрида ўз соҳасида юқори натижаларга эришган тадбиркорлар иштирокида “Бизнес марафон” мотивацион тренинг ўтказилди.
Регистон майдонида ташкил этилган маҳорат дарсларида тадбиркорлик соҳасида юксак муваффақиятларга эришган юртимиз ва хорижда самарали фаолият олиб бораётган 12 нафар тадбиркор “Муваффақиятга эришиш сирлари” мавзусида ёшлар билан мулоқот қилди. “Бизнес марафон” иштирокчилари маҳоратли тадбиркорлардан бизнес юритиш борасида ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олиш имконига эга бўлди.

- “Бизнес марафон” мотивацион тренингни ўтказишдан мақсад соҳага кириб келаётган ёки бўлмасам тадбиркор бўлишга қизиқаётган, лекин нимадан бошлашни билмай турган ёшлар ўзига хос йўл-йўриқ кўрсатиб, уларга далда бериш ва руҳлантиришдан иборат, - дейди “Yoshlar - kelajagimiz” жамғармаси ижрочи директори Хайрулла Сатторов. – Таъкидлаш жоизки, вилоятлар кесимида ўтказилаётган бизнес дарсларимизга қизиқувчилар сони секин аста ортиб бормоқда. Самарқандда энг кўп иштирокчи – 3500 нафар ёш тадбиркор билан офлайн тарзда мулоқот қилди. Энг муҳими, биз мулоқотни онлайн тарзда ҳам йўлга қўйганмиз. “Бизнес марафон”да қатнашиш имконига эга бўлмаган ёшларимиз ижтимоий тармоқлар орқали ҳам ўзларини қизиқтирган саволларига маҳоратли тадбиркорларимизга йўллаб жавоб олиш имконига эга бўлди.
“Бизнес марафон” мотивацион тренинг дарсларида иштирок этган спикерлар ўзларининг бизнесдаги илк қадамлари ҳақида ҳам маълумот бериб, ёшларни ўзлари қизиққан соҳада қўрқмасдан фаолият бошлаши лозимлигини алоҳида таъкидлашди.
[gallery-2817]
- Самарқандда ўтказилаётган маҳорат дарсларимиз вилоятлар кесимидаги сўнггиси, - дейди “Dekos.uz” асосчиси, тадбиркор Ҳасан Мамасаидов. – Бу муқаддас замин қадимдан илм-маърифат, маданият маркази бўлиш бирга Буюк ипак йўлининг асосий бўғини ҳам ҳисобланган. Биз муаззам Регистон майдонида ёшларимиз билан мулоқот қилиб, мана шундай улкан обидаларни бунёд этган аждодларимизга муносиб бўлишимиз кераклигини алоҳида таъкидладик. Бунинг учун албатта чуқур билим олиш зарур. Ҳар қандай соҳадаги муваффақият илмга бориб тақалади. Бизнес юритишда ҳам инсон етарли билимга эга бўлмаса унинг фаолияти самара бермайди. Буни марафон спикерларининг барчаси алоҳида қайд этиб ўтди. Шунингдек, ҳар биримиз ўз тажрибамиздан келиб чиқиб, ёшларнинг бизнес оламига қўрқмасдан киришларига мотивация беришга ҳаракат қилдик. Бу муваффақиятга эришган ҳар бир тадбиркорнинг ижтимоий масъулияти деб ўйлайман. Ушбу марафон жойларда ҳам тадбиркорларимизга мана шу масъулият ҳиссини етказса ва улар ҳам ўз тажрибаларини ёшлар билан баҳам кўрса тадбиркорларимиз сафи янада кенгаяди. Мамлакатимиз иқтисоди ривожланади, халқимиз фаровонлиги ошади. Ўйлайманки, бугунги марафондан кейин самарқандлик ёш тадбиркорлар сони кутилган даражада ошади.
Юртимиз ва хорижда маҳорат билан бизнес юритаётган тадбиркорларимизнинг сабоқлари самарқандлик ёшларни тадбиркорлик соҳасидаги режаларини ҳаётдаги асосий мақсадга айлантирди. “Бизнес марафон”да қатнашган кўплаб ёшлар шу ернинг ўзида келгуси мақсадларини аниқ қилиб олди.
- Тадбиркорлик фаолиятимни бошлаганимга кўп бўлгани йўқ, - дейди ёш тадбиркор, “Goverment industrial Company” МЧЖ раҳбари Шоҳруҳ Ибодов. – Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш билан шуғулланаман. Соҳадаги фаолиятимни ривожлантириш борасида аниқ тўхтамга келишга қийналаётган эдим. Бугунги мулоқот давомида зарур йўналишларни белгилаб олдим. Спикерларимизнинг деярли барчаси тадбиркорлик фаолиятини юритаётган ҳар бир субъект албатта, ўз ишини IT билан боғлаши лозимлигини таъкидлашди. Бугунги тадбирдан кейинги асосий ишим маҳсулотларимни интернет дўконларига чиқаришга қаратилади.
“Бизнес марафон” ёшларнинг саволлар марафонига айланиб кетди. Спикерлар ёшлар томонидан ҳар бир саволга батафсил жавоб қайтариб, уларга зарур тавсияларни берди.
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА