Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандлик ёшлар Кореяда давлат гранти асосида ўқитилади
10:51 / 2025-07-23

Корея Республикасида сафарда бўлиб турган Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев ушбу мамлакат Чхунчхон-Пукто провинцияси губернатори Ким Ёнг Хван билан учрашувда шундай келишувга эришди.

Мулоқотда, шунингдек, Адиз Бобоев Самарқандда электромобиллар учун батареялар, электротехника маҳсулотлари, саноат филтрлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, “Smart Farm” – “ақлли ферма” лойиҳаларини амалга ошириш, “Osong Medical Innovation Foundation” лойиҳаси доирасида вилоятда телемедицинани йўлга қўйиш таклифларини билдирди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, икки томон етакчилари жорий йилда Чхунчхон-Пуктода “Самарқанд туризм ва маданият кунлари” ҳамда Самарқандда “Чхунчхон-Пукто туризм ва маданият кунлари”ни ташкил этишга келишиб олди. Учрашув сўнггида Самарқанд вилояти ва Чхунчхон-Пукто провинцияси ўртасида дўстлик келишуви имзоланди.

Провинцияга ташриф доирасида Самарқанд ва Чхунчхон-Пукто тадбиркорлари бизнес форуми ўтказилди. Унда ҳудудлар раҳбарлари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди. Адиз Бобоев ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш учун имконият ва ресурслар, салоҳият катта эканлигини таъкидлади. Самарқандга ҳар йили миллионлаб маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ташриф буюриши, бу эса хизмат кўрсатиш, меҳмонхона, овқатланиш ва транспорт соҳаларидаги бизнес учун катта имкониятлар яратиши таъкидланди.  

Шунингдек, озиқ-овқат, тўқимачилик, қурилиш материаллари, кимё ва машинасозлик саноати каби соҳалар ривожланиб бораётгани, хорижий капитал иштирокидаги корхоналар учун алоҳида имтиёз ва преференсиялар берилаётгани ҳақида маълумотлар берилди. Ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида Корея технологиялари асосида Самарқандда замонавий иссиқхона, логистика ва қайта ишлаш кластерларини ташкил этиш, эркин иқтисодий зоналарда машинасозлик, электроника ва электротехника саноатида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Ғ.Ҳасанов,

ЎзА мухбири