Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандлик “Йил аёли”
13:27 / 2026-02-24

Бугун уни нафақат Самарқанд, балки республикамизда яхши билишади. Ижтимоий тармоқларда ҳам “чиқинди йиғиб, тадбиркор бўлган аёл” деб қидирув берсангиз, у ҳақда жуда кўп маълумотлар, видеолавҳалар чиқади. Дастлаб маҳаллалар, ошхоналардан чиқинди йиғиб, уларни саралаб шу орқали даромад топган аёлнинг қандай қилиб ҳаётнинг кўп синовларини енгиб ўтиб тадбиркорга айлангани ва бугун 450 га яқин кишини иш билан таъминлагани тўғрисида билиб оласиз.

Ҳа, гап Каттақўрғон шаҳридаги “Анваржон бизнес инвест” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, ўтган йил “Йил аёли” миллий мукофоти учун танловда гран-при ғолиб бўлган Гулмира Жумаева ҳақида кетмоқда. 

– Мен бу сўзларни кўп такрорлаганман ва ҳар гал журналистлар суҳбатга чорлаганда гапни шундан бошлайман – ҳа, мен ишни чиқинди йиғишдан бошлаб, кейин тадбиркор бўлган аёлман, оддий эмас, кучли аёлман, – дейди Г.Жумаева. – Юртимиздаги ҳар бир аёлда бор бундай ғайрат-шижоат. Биз оиламиз, фарзандларимиз бахти учун ҳамма нарсага тайёр бўлган инсонлармиз. Фақатгина озгина оддийроқ, озгина камтарроқ бўлсак, меҳнатдан қочмасак, ҳалол ризқ топишга интилсак, кифоя. Ҳаммаси ўз қўлимизда, деб ўйлайман. Қўлимда ҳунарим, дипломим йўқ эди ва ҳаёт мажбур қилди, яшаш учун курашдим – турмуш ўртоғим билан бирга чиқинди тўплаб, елим идиш, қоғозларни саралаб, шу орқали даромад қилардик, рўзғор тебратардик. Бу меҳнатимиз ортидан кундалик турмушимиз яхши ўтиб турувди, аммо орттириб уй-жой қилишга имконият топа олмадик. Шунда ён-атрофимиздаги кишилар хорижга бориб, яхши пул ишлаётгани, турмуш шароитини яхшилаб олаётганини кўриб, биз ҳам четга бориб ишлашга қарор қилдик. Бир неча йил бошқа юртга бориб-келиб ишладик, озми-кўпми маблағ топдик, ўша ерда ҳам чиқиндидан қандай қилиб даромад қилишни ўргандик, тажриба орттирдик. Муҳими, ўз юртингда, оиланг бағрида яшаш қанчалик катта бахт эканлигини англадим. 

Гулмира Жумаева 2016 йилда энди хорижга иш излаб бормасликка ва шу ерда аввалги ишини давом эттиришга қарор қилди. Фақатгина энди аввалгидек, норасмий эмас, тадбиркор сифатида ишлашни, чиқиндини аввалгидек эшак-аравада эмас, махсус техникаларда ташишни ва шунчаки саралашни эмас, қайта ишлашни йўлга қўйишни ўйлади. Ва бу мақсадига эришиш учун аниқ режа асосида, ғайрат-шижоат билан иш бошлади.

– Бизда шу пайтгача чиқиндини махсус полигонларга чиқариб ёқиб юборишарди, айрим жойларда ҳалигача шундай йўл тутишади, – дейди Гулмира Жумаева. – Тўғри, чиқинди орасидан турли маҳсулотлар териб олинади. Лекин шунда ҳам чиқинди таркибида қайта ишлаш, хом ашё ёки ярим тайёр маҳсулот олиш мумкин бўлган кўплаб нарсалар бўлади. Хориж тажрибасини ўрганиб кўрганимда, чиқиндини қайта ишлаш энг сердаромад соҳалардан бири эканлигини англадим. Бизда ҳам кейинги йилларда чиқиндини тўплаш, махсус жойларга чиқариш ва қайта ишлашга муносабат ўзгарди. Ҳатто, қишлоқларда ҳам аҳоли хонадонларидан чиқиндини чиқариш хизмати йўлга қўйилди. Ва бу ишни амалга оширишда давлат-хусусий шерикчилик амалиётидан фойдаланилмоқда. Биз ҳам шу имкониятдан фойдаланиб, кредит олдик ва давлат-хусусий шерикчилик асосида “Тоза ҳудуд” корхонасининг Каттақўрғон тумани бўлимини хусусийлаштириб олдик. Ушбу туман ва Каттақўрғон шаҳридаги маҳаллалар, аҳоли билан шартномалар тузиб, чиқиндини тўплаб олиб чиқиш хизматини кўрсата бошладик. Замонавий техника ва технологиялар сотиб олдик. Биз фақат чиқиндини олиб чиқмаймиз, балки уни қайта ишлаб, иккиламчи хом ашё тайёрлаймиз. Кейин фаолиятимизни кенгайтириб Нарпай ва Пахтачи туманларида ҳам ушбу соҳа бўйича аҳолига хизмат кўрсатишни йўлга қўйдик. 

Гулмира Жумаева бошчилигидаги “Анваржон бизнес” МЧЖ бугун йирик кластер корхонасига айланди. Ўзимизда ва хорижда ишлаб чиқарилган 100 га яқин чиқинди ташувчи машинаси, юк ортувчи махсус техникалари, чиқинди йиғиш шохобчалари, контейнер ва Хитойдан келтирилган қайта ишлаш қурилмалари бор. Бу лойиҳаларни амалга ошириш учун у қарийб 17 миллиард сўм маблағ сарфлади. 

– Ҳозир 5 та масъулияти чекланган жамиятимиз бор ва уларда 426 нафар ходим ишлайди, – дея сўзида давом этади Г.Жумаева. – Барча оила аъзоларимиз, яқинларимиз шу иш билан шуғулланишади. Маҳаллалардаги камбағал оилалар аъзолари, ишсиз аёлларни ишга қабул қилганмиз. Ҳалол меҳнат қилиб, рўзғор тебратишяпти. Уларга ўзимни мисол қилиб келтириб, қандай қийинчиликлар билан иш бошлаганим, яқинларимнинг қаршилигига қарамай шу иш билан шуғулланганимни айтиб бераман. Шундай пайтлар бўлганки, ҳатто, қариндошларим “қўй шу ишингни, қачонгача чиқинди териб юрасан, ундан кўра бошқа иш қил” деб койишарди. Энди эса улар ҳам бу иш сердаромад соҳа эканлигини англаб етишди, кўпчилиги биз билан бирга ишлаяпти. Чиқиндидан 7 хил маҳсулот тайёрлаяпмиз ва уларни асосан гранула, хом ашё сифатида ишлаб чиқариб, ҳамкор корхоналаримизга етказиб беряпмиз. Шу пайтгача маҳсулотимиз омборда қолиб кетган эмас, тайёр бўлган хом ашё пешма-пеш олиб кетилади, янги буюртмалар тушяпти.

Гулмира Жумаева ўз ишини йўлга қўйиб олган йирик тадбиркорга айланган бўлса-да ўқиш-изланишдан чекинган эмас. Фаолиятини янада кенгайтириш, хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиб, чиқиндидан олаётган иккиламчи хом ашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳаракатида. Бу мақсадга эришиш йўлида олий таълим муассасасида сиртдан таҳсил олиб, тадбиркорликнинг назарий билимларини ўрганди.

– Ўтган йил якунида, Янги йил байрами арафасида Тошкентга “Йил аёли” миллий мукофоти танлови ғолибларини тақдирлаш маросимига таклиф этишганида жуда хурсанд бўлиб, бошим кўкка етганди, – дейди “Йил аёли” танлови бош соврини соҳибаси Гулмира Жумаева. – Лекин гран прини менга беришлари хаёлимга ҳам келмаганди. Номимни айтиб, саҳнага таклиф қилишганида жуда ҳаяжонланганман, кўзимдан дув-дув ёш оқарди. Ана шу лаҳзаларда босиб ўтган ҳаёт йўлим, чеккан азоб-уқубатлар бир-бир кўз олдимдан ўтди. Бир пайтлар эшак-аравада чиқинди тўплаб юрган аёл бугун юртимизнинг энг бахтиёр аёли бўлди, Президент совғаси – автомобиль билан тақдирланди. Инсон учун бундан ортиқ бахт борми? Менга шундай бахт насиб этганидан Яратганга шукрона айтаман! 

Ғолиб Ҳасанов,  Алишер Исроилов (сурат), ЎзА