Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандлик турли миллат вакилларига “Халқлар дўстлиги” нишони топширилди
17:39 / 2021-08-02

30 июнь куни мамлакатимизда илк бор Халқлар дўстлиги куни кенг нишонланди.

Шу муносабат билан Президентимиз томонидан байрам табриги йўлланди ҳамда мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятимизда турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини асраш, давлатимизнинг тинчликсевар ва халқпарвар сиёсатини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш борасидаги хизматлари учун бир гуруҳ юртдошларимиз давлат мукофотлари билан тақдирланди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 1 июндаги қарори билан таъсис этилган “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони топширилди.

Бугун Самарқанд вилояти ҳокимлигида давлат мукофоти ва кўкрак нишонини топшириш маросими ўтказилди.

Тадбирда иштирок этган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Валерий Тян, вилоят ҳокимининг ўринбосари Д.Мамадқулов бугунги кунда Самарқанд вилоятида ҳам юздан ортиқ миллат ва элатларнинг этник-маданий ўзига хослигини сақлаш, жамиятда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва тинчликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Айни пайтда вилоятда 11 та миллий маданий марказ фаолият юритяпти, 22 та ноисломий ибодатхоналарда турли миллат вакилларининг ўз миллий анъана ва қадриятларини, урф-одат ва диний маросимларини адо этишлари учун шарт-шароит яратилган.

Жорий йилда вилоятдаги миллий маданий марказлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари учун Самарқанд шаҳрида “Дўстлик ва нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи” ташкил этилди. Бу масканда улар ўзаро ҳамкорликда фаолият юритиб, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда.

Халқлар дўстлиги куни муносабати билан мукофотланган юртдошларимиз орасида уч нафар самарқандликларнинг ҳам борлиги турли миллат вакиллари хизматларининг юксак эътирофи натижасидир. Маросимда ушбу мукофотлар тантанали топиширилди.

– Бизнинг маҳалламиз ҳам кўп миллатли – 20 дан ортиқ миллат вакиллари яшайди, - дейди Самарқанд шаҳридаги “Марҳабо” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, “Шуҳрат” медали соҳиби Анжелика Сараджанова. – Барчамиз бир оиладек аҳил-иноқ ҳаёт кечириб келяпмиз. Тўй-маросимларимиз бир. Фарзандларимиз боғча ва мактабда бирга таълим олади. Юртимизда барча миллат вакилларига бирдек шарт-шароит яратилгани, эътибор қаратилишини бизнинг маҳалламиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Халқлар дўстлиги кунини ҳам бутун маҳалламиз билан бирга нишонладик. Ушбу байрам муносабати билан берилган давлат мукофотини ҳам барча маҳалладошларимники деб биламан.

Шунингдек, тадбирда вилоятдаги турли миллатларнинг саккиз нафар фидойи вакилларига “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонлари тақдим этилди.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА