Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик кенгашининг қарорига кўра, бир гуруҳ юртдошларимиз, жумладан 68 нафар самарқандлик нуронийлар “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.Улар сафида фахрий журналистлар Норбобо Шакаров, Тошпўлат Раҳматуллаев, Тоир Долиев ва Йўлчи Муҳаммадиев ҳам бор.
Бутун умри, ҳаётини шу соҳага бағишлаб келаётган устоз журналистлар ҳамон ёшларга ибрат бўлиб, жамиятда фаол бўлмоқдалар. Қарийб эллик йил
республика нашрларида фаолият кўрсатган Норбобо Шакаров ҳамон Самарқанд вилояти ва Қўшработ тумани газеталарида долзарб мавзуларда мақолалар ёзиб туради.

Тошпўлат Раҳматуллаев эса Самарқанд шаҳридаги Боғимайдон маҳалласи раиси сифатида ишлаш билан бирга интернет сайт ва ижтимоий тармоқларда танқидий-таҳлилий чиқишлар қилмоқда.

Тоҳир Долиев эса пенсияда бўлса-да “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” журналига, Йўлчи Муҳаммадиев “Оқдарё овози” газетасига муҳаррирлик қилмоқда.

- Бу нишон кўп йиллик меҳнатларимизнинг эътирофи бўлиш билан бирга бизга куч-ғайрат бағишлади, - дейди I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Норбобо Шакаров. - Ҳозир жамиятда журналистларнинг роли янаям ошди. Буни кўриб, ёшларга ҳавас қиляпман. Ижтимоий тармоқлар ҳам катта майдон бўлди. Бундан самарали фойдаланиш керак. Ўзим ҳам энди бизнинг давримиз ўтди, деб қараб ўтирмай, бу майдондан фойдаланишга ҳаракат қиляпман.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири