Самарқанд вилояти ҳокимлигида тиббиёт ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. Вилоят ҳокими Э.Турдимов аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида фидокорона хизмат қилаётган тиббиёт ходимларини касб байрами билан табриклади.

– Бугунги кунда мамламкатимизда “Инсон қадри учун!” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотларда халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, уларга юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди Э.Турдимов. – Бу масала Президентимизнинг доимий эътиборида эканлигини барчамиз кўриб турибмиз. Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказиши анъанавий тус олди. Йил давомида бир неча марта соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича Президентимиз раислигида йиғилишлар ўтказилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланмоқда. Бу ишлар албатта, ўз самарасини бериб, тиббиёт муассасаларимиз моддий-техника базаси мустаҳкамланмоқда. Вилоятимизда ҳам бугунги кунда 270 та тиббиёт муассасасида 40 минга яқин тиббиёт ходимлари халқимизга малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда. Жорий йилнинг ўзида вилоятимизда давлат дастурлари асосида 20 та оилавий шифокорлик пункти ва 5 та оилавий поликлиника очилди. Бундан ташқари, олис ва чекка ҳудудларда тиббий хизмат савиясини юксалтириш мақсадида вилоятда 210 та маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилди ва бунинг натижасида 569 минг нафар ахолига бирламчи тиббий хизмат янада яқинлаштирилди. Вилоятдаги тиббий муассасаларда 300 га яқин янги даволаш ва диагностика усуллари жорий қилинди. Жумладан, буйрак трансплантацияси, бариатрик хирургия, чақалоқларда юрак туғма нусонларида мураккаб юқори технологик жарроҳлик операциялари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Давлат тиббиёт муассасалари билан бирга вилоятда хусусий тиббиёт муассасалари сони ўтган йилдагидан 50 тага кўпайиб, 660 тага етди.

Маросимда вилоятдаги тиббиёт муассасаларининг бир гуруҳ фаол ходимлари вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаев иштирок этди ва самарқандлик тиббиёт ходимларини табриклади.
Ғ.ҲАСАНОВ,
Ж.ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА