Давлатимиз раҳбарининг шу йил 16 февралда қабул қилинган “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига кўра, жорий йилда Самарқанд вилоятининг 9 ҳудудида маҳаллий тадбиркорлар томонидан 75 МВт қувватли кичик фотоэлектр станциялари барпо этилиши, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг 370 та бино ва иншоотларида 18,5 МВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилиши зарур. Айни пайтда бу борада мутасадди идоралар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
– Қарорга кўра, Самарқанд шаҳридаги “Shaanxi Huashan Road and Bridge Engineering” корхонаси, Булунғур туманидаги “SAG agro Bulung‘ur” масъулияти чекланган жамияти, Тойлоқ туманидаги “Pet agro оil” корхонаси, Ургут туманидаги “Pironvest prоdukt” масъулияти чекланган жамияти, Пайариқ туманидаги “МКК-2” ва Пахтачи туманидаги “Мадина савдо белгиси” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан ҳар бири 10 МВт қувватли, Жомбой туманидаги “Shelf Vostok” ва Нуробод туманидаги “Тутли солар” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан ҳар бири 5 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станциялари қурилади, – дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари – “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси раҳбари Жамшид Ҳайдаров. – Бунинг эвазига йилига 47,1 миллион кВт/с ҳажмидаги электр энергияси ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Шунингдек, жорий йил ва келгуси йил учун ҳозирча Нарпай тумани, Каттақўрғон шаҳри ва туманидаги тадбиркорлик субъектлари томонидан учта қўшимча лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Барча лойиҳалар бўйича дастлабки ишларга киришилган. Бино ва иншоотларда қуёш панеллари ўрнатилиши белгиланган 370 тадбиркорлик субъектининг 130 дан ортиғи шу пайтгача бу вазифани бажариб бўлди. Қолганларида эса бу жараён давом этмоқда.
Таъкидлаш лозимки, жисмоний шахслар томонидан муқобил энергия манбаларидан фойдаланилиши, тадбиркорлик субъектлари томонидан фотоэлектр станциялари қурилиши давлатимиз томонидан рағбатлантирилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 428-моддасига асосан қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқарувчи юридик шахслар қайта тикланадиган энергия манбалари (номинал қуввати 0,1 МВт ва кўпроқ) ускуналари эгаллаган ер участкалари бўйича улар ишга туширилган пайтдан эътиборан ўн йил муддатга ер солиғидан озод этилади.
Шунингдек, Солиқ кодексининг 414-моддаси кўра, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчи юридик шахслар, улар фойдаланишга жорий этилган пайтдан эътиборан ўн йил муддатга мол-мулк солиғидан озод бўлади.
Бу борада жисмоний шахсларга бир катор имтиёзлар белгиланган. Жумладан, Солиқ кодексининг 436-моддасига асосан, энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган турар жойларда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар — қайта тикланадиган энергия манбалари ўрнатилган ойдан эътиборан уч йил муддатга ер солиғини тўлашдан озод қилинади.
Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 421-моддаси 4-бандига асосан, энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган турар жойларда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар қайта тикланадиган энергия манбалари ўрнатилган ойдан эътиборан уч йил муддатга мол-мулк солиғидан озод этилади. Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган тадбиркорлик субъектлари томонидан ой давомида ягона электр энергетика тизимига узатилган ва истеъмол қилинган электр энергияси ҳажмининг ҳисоби “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ биллинг тизимида юритилиб, ой якуни билан тармоққа узатилган ва истеъмол қилинган электр энергияси ҳажми ўртасидаги тафовутга асосан ўзаро ҳисоб-китоб қилинади. Бунда, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан электр энергиясини сақлаб бериш хизмати учун ҳақ олинмайди.
Бу каби имтиёз ва қулайликлар юридик ва жисмоний шахсларнинг қайта тикланувчи энергия манбааларидан фойдаланиши давлат томонидан қўллаб-қувватланиши билан бирга, ушбу тармоқдан даромад олиш имкониятларини ҳам кенгайтиради.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА