Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Фаол тадбиркор" кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида" ги фармойишига кўра миллий иқтисодиётимизни барқарор юксалтириш, мамлакатимизда ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш борасидаги хизматлари, иш ўринларини яратиш, аҳоли фаровонлигини таъминлашга қўшаётган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ фаол тадбиркорлар тақдирланди.
Улар орасида 9 нафар самарқандлик тадбиркорлар ҳам бор. Самарқанд шаҳридаги “Ширин” шаҳарчасини барпо этиш дирекцияси марказида ушбу нишонларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Тантанали тадбирда вилоят ҳокимлиги, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, тадбиркорлар ҳамда фаоллар иштирок этди.
Тадбир аввалида Президент фармойиши ўқиб эшиттирилди. Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов давлатимиз раҳбарининг тадбиркорларга бўлган юксак ҳурмати ва ишончи, ишбилармон кишиларнинг ташаббуслари ва меҳнатлари қадри ҳақида сўз юритди. Ана шу эътибор намунаси сифатида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда "Тадбиркорлар куни" нишонланмоқда. Вилоят ҳокими самарқандлик барча тадбиркорларни ушбу сана билан табриклади. Тадбирда кўкрак нишонлари ўз эгаларига топширилди.
– Бу эътирофни вилоятимиз тадбиркорлик муҳитига берилган баҳо деб биламан, – дейди Оқдарё туманидаги “Pichoqchi Dry Fruits” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Толибхон Абдужалилов. – Экспортёр корхоналарга берилаётган имтиёзлар фаолиятимизда катта ўзгаришларга имкон яратди. Шунинг ҳисобига бугун корхонамизда доимий ва касаначилик асосида 1500 киши иш билан банд. Келгусида фаолиятимизни кенгайтириш, маҳсулот экспорт ҳажмини оширишни мақсад қилганмиз.
Тадбир сўнгида мукофот эгалари юртимизда тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар учун миннатдорлик билдирди.
Ғ. Ҳасанов,
А. Исроилов (сурат), ЎзА