Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб Самарқанд филиалида “Ўзбекистонда иқлим таълими орқали ёшларнинг етакчилик қобилиятларини кучайтириш ва ривожлантириш” қўшма лойиҳаси доирасида ўқувчи ёшлар билан учрашув ва экологик тадбирлар ўтказилди.
БМТ Тараққиёт дастури томонидан Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, “Замин” халқаро жамоат фонди ва “Таълим ҳамма нарсадан устун” жамғармаси (Қатар) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа барқарор ривожланиш мақсадлари ва миллий мажбуриятлар доирасида иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда унинг таъсирини юмшатиш бўйича глобал ва миллий саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Учрашувда лойиҳа ташкилотчилари 150 нафар мактаб ўқувчилари ва маҳаллий ёшлар етакчилари 1,3 миллиондан ортиқ ёшларни иқлим муаммолари, барқарор қишлоқ хўжалиги ва тоза энергия каби амалий кўникмалар бўйича ўқитишга қаратилган дастур билан таништирди. Лойиҳага кўра, қурғоқчилик, сув танқислиги ва чўлланиш каби иқлим муаммоларига дуч келаётган қишлоқ ҳудудларида ёшларнинг иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда етакчи бўлиш имкониятлари кенгайтирилади.
[gallery-25675]
– Лойиҳа Ўзбекистонда, айниқса, чекка ҳудудларда, ёшлар орасида иқлимга чидамлиликни ошириш ва барқарор, паст углеродли турмуш тарзини тарғиб қилишдек муҳим ривожланиш масаласини ҳал этишга қаратилган, – дейди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги лойиҳа раҳбари Лазиз Хўжақулов. – Бу орқали халқаро ва миллий иқлим стратегияларига ҳисса қўшиш мақсад қилинган. Лойиҳа доирасидаги бугунги тадбирда ўқувчилар “Ёш иқлим элчилари” жамоасини шакллантириш, иқлим соҳасидаги етакчининг маҳорат дарси, стартаплар кўргазмаси ва иқлим бўйича хабардорликни баҳолаш учун онлайн сўровнома каби интерактив машғулотларда иштирок этди. Шунингдек, ўқувчилар гуруҳларга бўлиниб, иқлим муаммоларига ечимлар бўйича ғояларни муҳокама қилди ва тақдим этди.
– Атрофга боқинг, бир пайтлар киши кўзини қувнатган жойлар бугун саҳрога айланиб бормоқда, – дейди тадбир иштирокчиси, Самарқанд шаҳридаги Президент мактаби ўқувчи Шарофатбегим Саидалиева. – Нега, нима учун, деган саволларнинг жавобини кексаю ёш билади. Аммо муаммога ечим ҳеч кимни қизиқтирмаяпти. Давлатимиз раҳбари ҳудуддаги экомуаммоларни бартараф этиш юзасидан кўплаб эзгу ташаббусларни илгари сурмоқда. Жорий йилнинг номланишида ҳам буни кўришимиз мумкин. Булардан кўзланган асосий мақсад инсон омили сабаб табиатга етказилаётган салбий таъсирларни камайтириш, экологик мувозанатни сақлаш орқали табиатни асрашдан иборат. Бунда албатта, ёшларнинг ўз ўрни, овози бўлиши керак. Ушбу лойиҳа айнан биз каби ёшларда экологик барқарорликка салбий таъсир этувчи ҳар қандай омилларга муросасиз бўлиш, яшилликка бўлган меҳримизни кучайтиришга қаратилгани эътиборимизни тортди.
Лойиҳа масъулларининг маълум қилишича, 2025 йилдан 2028 йилгача амалга ошириладиган 7,5 миллион долларлик лойиҳа доирасида мактаб дастурларига иқлим бўйича дарслар киритилиши, ўқитувчилар малакаси оширилиши ва касбий кўникмалар маркази (Мономарказ)да “яшил” иш ўринлари яратилиши белгиланган. Лойиҳада иштирокчиларнинг камида ярми ёш аёллар бўлиб, бу экологик етакчиликда гендер тенглигини таъминлашга хизмат қилиши кўзда тутилган. Лойиҳа Ўзбекистоннинг миллий иқлим стратегиясини қўллаб-қувватлаб, мамлакатнинг иқлимга таъсирчан ҳудудлари учун узоқ муддатли ва барқарор ечимларни тақдим этиши кутилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари