Айни кунларда вилоятда 94 минг 130 гектар майдонда етиштирилган бошоқли дон экинлари 254 та комбайн ва бошқа юзлаб техника ёрдамида ўриб-йиғиб олинмоқда.
– Мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида тузилган ҳар бир отрядга биттадан ғалла ўриш комбайни, бештадан юк ташиш автомобили бириктирилди, – дейди “Ўзагроинспекция” нинг Самарқанд вилояти бошқармаси бош инспектори Шахриддин Бутунов. – Уларнинг иш унумдорлигини ошириш мақсадида даланинг ўзида сервис хизмати кўрсатилмоқда. Узлуксиз равишда ёқилғи мойлаш материаллари билан таъминланмоқда. Бунинг натижасида ҳар бир отряд томонидан бир кунда 15-20 гектар ердаги ғалла ўриб-йиғиб олинмоқда.
Таҳлилларга кўра, вилоятнинг Нарпай, Пахтачи, Каттақўрғон ҳамда Иштихон туманларида ғалладан ҳар йилгидан мўл ҳосил етиштирилган. Мазкур туманларда гектаридан 65-70 центнердан ошириб ҳосил йиғиштириб олинмоқда. Агроинспекция ҳудудий бошқарма ва туман бўлимларидаги соҳавий инспекторлар томонидан “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизимидаги 6 та дон корхонаси ва 15 та дон қабул қилиш шохобчаларида йиғиштириб олинган дон маҳсулотлари қабул қилиниши ва сифатли сақланиши юзасидан жиддий назорат ўрнатилган.
Жорий йилда вилоятда мавжуд 23 та кластер корхонаси ва 4526 та фермер хўжалиги томонидан ғалла етиштирилди. Дон қабул масканлари томонидан 264 минг 725 тонна донни ўз вақтида ва сифатли қабул қилиб олиш режалаштирилган. Жорий йилдан бошлаб кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари томонидан 51 минг 585 тонна буғдой вақтинчалик сақлаш учун қабул масканларига жойлаштирилади ва кейинчалик уларнинг ўзи ушбу маҳсулотни биржа савдолари орқали сотувга чиқаради.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА