Самарқанд вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик кенгашининг қарорига кўра, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган нуронийларга ушбу нишонларни топшириш маросими ўтказилди.
“Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев, Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Феруз Абилов ва бошқалар мамлакатимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган юксак эътибор, нуронийларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаол иштироки ҳақида сўз юритди.
– Дунёнинг манзараси тобора ўзгариб бораётган, ер юзининг турли минтақаларида нотинчликлар кузатилаётган бугунги шароитда юртимизда тинчлик-хотиржамлик, миллатлараро тотувликни таъминлаш, жамиятда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшларга таълим-тарбия бериш ва уларни турли таъсирлардан асрашда кўпни кўрган нуронийларнинг роли катта, – деди С.Турдиев. – Улар ўзларининг бой ҳаётий тажрибалари, шахсий ибрати билан маҳаллаларда “Бир нуроний – ўн ёшга масъул”, “Устоз-шогирд” лойиҳаларида фаол иштирок этиб келмоқдалар. Ана шундай фидойи отахон ва онахонларимиз хизматларини эътироф этиш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш мақсадида Президентимиз ташаббуслари билан 2017 йилда “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони таъсис этилди ва ҳар йили юзлаб фидойи нуронийларимиз бу мукофотга сазовор бўлмоқда. Жумладан, бу йил Самарқанддан 68 нафар ёши улуғ инсон I, II ва III даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланмоқда.
Маросимда кўкрак нишонлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Тадбирда фахрийлар сўзга чиқиб, кўрсатилаётган ҳурмат, эътибор учун миннатдорлик билдирди.
– Кексаларнинг гап-сўзлари огоҳлик қўнғироғи кабидир, – дейди I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби, каттақўрғонлик Абдулла Барноев. – Биз ҳар нарсага “қарсак” чаладиган одам бўлмаслигимиз керак. Аксинча, жамиятнинг виждони бўлишимиз, унда бўлаётган ишларга танқидий нигоҳ билан қараб, адашганлар ва ёшларга тўғри йўлни кўрсата билишимиз лозим. Бугунги эътироф бу борадаги масъулиятимизни янада оширади, деб ўйлайман.
Шу пайтгача 421 нафар самарқандлик нуроний “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига сазовор бўлган эди. Эндиликда уларнинг сафига яна 68 нафар нуроний қўшилди.
Маросимдан сўнг фахрийлар бир пиёла чой устида суҳбатлашди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари