Ёшлар ойлиги муносабати билан Самарқанд вилояти шаҳар ва туманларида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтказилган фестиваль 16 июнь куни Самарқанд шаҳрида давом этди.
Кун давомида шаҳардаги олий таълим муассасалари, боғ ва хиёбонлар, спорт мажмуаларида ёш мусаввирлар, китобхонлар, спортчилар беллашувлари, “Заковат”, “Баҳс-мунозара” ҳамда “Энг яхши иншо” танловлари кўтаринки руҳда ўтказилди.
Республика маърифат тарғиботчилари иштирокида ўтказилган “Китоблар карвони” тадбири ҳам ўзига хос бўлди. Шаҳардаги Мирзо Улуғбек ҳайкали ўрнатилган майдонда ташкил этилган тадбирда вилоятдаги олий ўқув юртларига китоблар жамланмаси топширилди.
Фестиваль доирасидаги тадбирлар кечки пайт Самарқанд шаҳридаги халқаро туризм марказида ёшлар сайли ва гала-концерт билан давом этди.
Тадбирда нафақат Самарқанд шаҳри, балки вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларидан ҳам ёшлар вакиллари иштирок этди. Уларни Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев табриклади. Юртимизда ёшларга оид давлат сиёсати, кейинги йилларда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар эътироф этилди.
Фестивалда турли соҳаларда фаолият олиб бораётган фаол ва истеъдодли ёшлар, талабалар эътироф этилиб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
[gallery-12380]
– Бу йилги ёшлар фестивали аввалгиларига ўхшамайди, – дейди пайариқлик Жавлон Мирзақобилов. – Асосийси, янги бунёд этилган мажмуада илк бор байрам сайли тарзида ташкил этилди. Бу ерга келиб кетишимиз учун алоҳида автобуслар ажратилди. Ҳам тадбирда қатнашиб, ҳам янги туризм масканига саёҳат қилиб, бир олам таассуротлар билан қайтяпмиз.
Фестиваль гала концертида ёшларнинг севимли хонандалари иштирок этди. Дастур йиғилганларга завқ-шавқ улашди.
Ғ. Ҳасанов,
А. Исроилов (сурат), ЎзА