Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 6 майдаги “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ҳам Самарқанд вилоятида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
– Мазкур қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда 2021 йил ҳосили учун 9 минг 231 гектар майдонда такрорий экин сифатида картошка етиштирилмоқда ва ундан 165 минг тонна ҳосил олиш кўзда тутилган, – дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Самарқанд вилоят бошқармаси бош инспектори Хушнуд Нурбеков. –Тажрибали деҳқонлар картошкадан мўл ҳосил етиштириш асосан уруғнинг сифатига боғлиқ эканлигини яхши билишади. Шу мақсадда, жорий йилда картошканинг “Пекас”, “Гала”, “Фонтане”, “Эволюшн”, “Аризона”, “Монто Карло”, “Фонтана” сингари навларининг супер элита, элита ва Р-1 юқори авлодидан экилган. Инспекциямиз томонидан кластер корхоналари ва фермер хўжаликларига 32 минг 309 тоннага яқин ҳосилдор картошка уруғлари етказиб берилиши юзасидан тизимли назорат тадбирлари амалга оширилди.
Айни пайтда Булунғур туманида 2 минг 306 гектар, Жомбойда 1 минг 900 гектар, Ургут туманида 1 минг 415 гектар ҳамда Тайлоқ туманида 1 минг 900 гектар такрорий ер майдонида картошканинг иқлим шароитига мос, серҳосил навлари парваришланмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА