Самарқандда Янги йил байрами муносабати билан анъанавий “Президент арчаси” тадбирлари ўтказилди.
Бу йил “Президент арчаси” байрам тадбирларида иштирок этиш учун 1006 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож бола рўйхати шакллантирилди. Уларнинг 748 нафари маҳаллаларда истиқомат қилувчи етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола, 63 нафари оилавий болалар уйи тарбияланувчиси, 60 нафари ота-онаси Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган оилаларнинг фарзанди, 59 нафари SOS болалар уйи тарбияланувчиси, 36 нафари “Меҳрли мактаб” ўқувчилари, 18 нафари кичик ҳажмли болалар уйи ва 22 нафари вилоят болалар уйи тарбияланувчисидан иборат бўлди.
Вилоят мусиқали драма театрида ташкил этилган байрам тадбирида Самарқанд шаҳри ва Самарқанд туманидан 236 нафар болажон қатнашди.
Вилоят ҳокими А. Бобоев уларни Янги йил байрами билан табриклади. Давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги туфайли уларга ҳар йили Янги йил байрамида Президент совғалари бериш анъанага айланганини таъкидлади. Болаларга ширинликлар ва ўқув қуролларидан иборат совғалар топширилди. Шунингдек, “Меҳрли мактаб”, SOS болалар маҳалласи ва вилоят болалар уйига замонавий телевизорлар, спорт жиҳозлари тақдим этилди.
[gallery-26936]
Қорбобо ва Қорқиз, турли эртак қаҳрамонлари иштирокида театрлаштирилган байрам томошалари намойиш қилинди.
Болажонлар учун байрам дастурхони ҳам ёзилди.
“Президент арчаси” тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида кенг тантана қилинди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари