Пойтахтимиздаги Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бокс бўйича 17 ёшгача бўлган қизлар ва ўсмир қизлар ўртасида ўтаётган Ўзбекистон чемпионати якунланди.
Мазкур чемпионатда Самарқанд вилояти қизлари 4 та олтин, 3 кумуш ва 7 та бронза медаллари жамғарган ҳолда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Шунингдек, Фарғона вилоятидан келган боксчи қизлар 4 та олтин, 2 тадан кумуш ва бронза медалини қўлга киритиб, иккинчи ўринни банд этди.
[gallery-27109]
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Баҳодир Жалолов номидаги боксга ихтисослаштирилган спорт мактаби ўқувчилари ва Республика Олимпия ва паралимпия марказининг чарм қўлқоп усталари 4 та олтин 1 та бронза медаль тўплаб кучли учликдан жой олди.
[gallery-27110]
Маълумот ўрнида, бугун 14 январь куни Тошкент шаҳрида эркаклар ва аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионати старт олади. 22 январга қадар давом этадиган мусобақада Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси ва юртимизнинг барча вилоятларидан энг яхши боксчилар иштирок этиши кутилмоқда.
Мамлакат биринчилиги "Лос Анжелес-2028" сари йўл шу ердан бошланади" шиори остида ўтказилади. Жанглар Олимпия шаҳарчасидаги Яккакурашлар залида бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Муҳаммад АМИН, Ўктам Ҳайитов (сурат),ЎзА