Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандлик 9 нафар ўқувчи асосий фан олимпиадасида ғолиб бўлди
10:34 / 2024-04-02

Самарқанд шаҳрида она тили ва адабиёт, инглиз, немис, француз тилларидан асосий фан олимпиадасининг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда қуйи босқичларда ғолиб бўлган 168 нафар 11-синф ўқувчиси иштирок этди.

– Асосий фан олимпиадасининг республика босқичида энг билимдон, сараланган ўқувчилар қатнашмоқда, – деди тадбир очилишида Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Фаррух Болтаев. – Олимпиада икки босқичда ташкил этилмоқда. Биринчи куни ўқувчилар иншо ёзиш, иккинчи куни тест ва эшитиш шартлари бўйича топшириқларни бажаришади. Иншо ёзишга икки соат, тест синовлари ва эшитишга бир соат вақт берилади. Иккала босқичда энг юқори балл тўплаган ўқувчилар ғолибликни қўлга киритади.

Олимпиада натижаларига кўра, инглиз тилидан Иштихон тумани 35-умумтаълим мактаби ўқувчиси Моҳинурхон Суюнова биринчи ўринни қўлга киритди. Шунингдек, она тили ва адабиёт фанидан Нарпай туманидаги 31-умумтаълим мактаби ўқувчиси Мухлиса Неъматуллаева иккинчи ўринни, немис тилидан Самарқанд шаҳар 51-ИДУМ ўқувчиси Алиакбар Акбаров ва француз тилидан Иштихон тумани 17-умумтаълим мактаби ўқувчиси Суҳроб Мусурмонов учинчи ўринни эгаллади.  

– Ўтган йили вилоятимиздан бирор ўқувчи фан олимпиадасининг республика босқичида ўрин ололмаганди, – деди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Хуршид Ҳожиқулов. – Бу йил тўққиз нафар ўқувчи турли фанлардан ғолибликни қўлга киритиб, республикада биринчи ўринни эгалладик.  

Асосий фан олимпиадасининг республика босқичида ғолиб бўлган ўқувчилар пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, уларга олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонида ўша фандан максимал балл берилади. Ғолиб бўлган ўқувчиларнинг ўқитувчиларига бир йил мобайнида 100 фоизлик устама пули тўланади. Мактаб директорлари ҳам тегишли равишда рағбатлантирилади.  

 

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),

ЎзА мухбирлари