Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандлик 49 минг нафар ёш сайловда илк бор овоз беради
16:32 / 2024-10-26

Бу ҳақда Самарқанд вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш, уни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича амалга оширилган ишларга бағишланган брифингда вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Х.Муҳаммадиев маълум қилди.

Қайд этилишича, вилоят бўйича сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига 2 миллион 156 минг 264 нафар сайловчи киритилган бўлиб, уларнинг 49 минг нафари илк бор овоз беришда иштирок этади. Шу йилнинг 16-23 октябрь кунлари ўтказилган муддатидан олдин овоз бериш жараёнида вилоят бўйича 181 минг 925 нафар сайловчи бу имкониятдан фойдаланди.  

– Вилоятимизда 16 туман ва шаҳар сайлов комиссияси, Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та округ сайлов комиссияси ҳамда 1130 та сайлов участкаси тузилган – деди Х.Муҳаммадиев. – Барча даражадаги комиссиялар ўз фаолиятини Сайлов кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари, Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари асосида олиб бормоқда. Айни пайтда вилоятимиздаги сайлов участкаларининг ҳаммаси овоз беришни ўтказишга тайёр. Участка сайлов комиссияларига 12 минг 144   нафар фуқаро жалб этилган. Уларнинг 54 фоизини 21 ёшдан 40 ёшгача бўлган фуқаролар ташкил этади.  

Сайловга тайёргарлик жараёнида ногиронлиги бўлган фуқароларнинг алоҳида эҳтиёжларига жиддий эътибор қаратилди. Жумладан, сайлов участкаларига брайль алифбоси асосида тайёрланган трафаретлар, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи сайловчилар мавжуд бўлган сайлов участкаларида оптик лупалар етказилди. Участка бинолари ногиронлар аравачасига мослаштирилган нишаб йўлаклари (пандуслар) ёки “ёрдамга чақириш” тугмаси билан жиҳозланди.

Эртага сайлов жараёнини реал вақт режимида (онлайн) видео-трансляция қилиш мақсадида вилоятимизнинг туман ва шаҳарлари ҳудудидаги тегишли техник талабларга мувофиқ бўлган сайлов участкаларида видеокамералар ўрнатилди.

Сайлов жараёнларида очиқлик ва ошкораликни таъминлашда кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштироки муҳим аҳамиятга эга. Сайлов жараёнларини ёритиш мақсадида вилоятдаги оммавий ахборот воситаларининг 86 нафар ходими Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилди. Ҳудудий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партиялардан 5 минг 650 нафар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 1130 нафар кузатувчи рўйхатга олинди.

Х.Муҳаммадиевнинг қайд этишича, сайлов кампанияси бошланганидан буён ҳудудий сайлов комиссиясига 4 та мурожаат келиб тушган ва бу мурожаатлар бўйича тегишли тартибда жавоб берилган.

Ҳудудий сайлов комиссияси раиси самарқандлик сайловчиларни 27 октябрь куни сайловда фаол иштирок этишга чақирди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари