Бу ҳақда Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан ўтказилган видеоконференцалоқа шаклидаги “Иқтидорли ёшлар” форумида маълум қилинди.
– Якунига етаётган ўқув йилида вилоятимиздаги 1268 та умумий ўрта таълим мактабини 45 минг 200 нафар 11-синф ўқувчиси битиради, – дейди Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Шокир Султонов. – Битирувчиларимиз яратилган имкониятлар туфайли хорижий давлатлардаги нуфузли олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун улар эълон қилган танлов ва грантларда иштирок этиб, ўз билимларини синовдан ўтказмоқда. Шу пайтгача 217 нафар ўқувчимиз ушбу синовлардан муваффақиятли ўтиб, жаҳондаги ТОП-20 таликка кирган университетларга ўқишга қабул қилинди.
Жумладан, уларнинг 104 нафари Америка Қўшма Штатлари, Германия, Англия, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Россия, Малайзия давлатларига ўқишга кирди. Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги 9-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби битирувчиси Паризода Баҳронова бир вақтнинг ўзида 31 та олий таълим муассасасига талабаликка қабул қилинди. Паризода улар орасидан Вебстер университетини танлади ва мактабни битириб ушбу нуфузли даргоҳда таҳсил олади.
Қайд этилишича, Самарқанд шаҳридаги 42-мактабнинг 11-синф битирувчиси Фирдавс Саъдуллаев АҚШдаги Аризона университетининг 150 минг долларлик грантини қўлга киритди. Самарқанд шаҳридаги 43-ИДУМ 11-синф ўқувчиси Суҳроб Муродов IELTS имтиҳонидан 8 баллни қўлга киритиб, АҚШнинг дунёдаги энг нуфузли бешта университетига, Булунғур туманидаги 23-умумтаълим мактаби 11-синф ўқувчиси Мирзабек Сайфиддинов Америка Қўшма Штатларининг 6 та университетига, Ургут туманидаги 138-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Парвиз Абдуҳалимов АҚШ ва Бирлашган Араб Амирликлари университетларига ўқишга кирди. Бундан ташқари, 113 нафар битирувчи IELTS имтиҳонида муваффақиятли балл тўплаб, халқаро сертификат соҳиби бўлди ва Тошкентдаги Британия Менежмент университетида таълим олиш имкониятини қўлга киритди.
Форумда Самарқанд шаҳридаги 17-умумий ўрта таълим мактабини битириб, муддатидан олдин ўқишга қабул қилинган, бугунги кунда Англиянинг Бизнес менежмент университетида ўқиётган Муҳаммадали Ваҳобов видеоконференцалоқа орқали боғланиб, ўқувчиларга айни кундаги ўқиш жараёни ҳақида сўзлаб берди.
Тадбирда иқтидорли ўқувчиларнинг ота-оналарига вилоят халқ таълими бошқармасининг ташаккурномалари топширилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА